Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиш сабаблари очиқланди
АОКАда 30 апрель, жума куни Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Абдулла Қўлдошев иштирокида бўлиб ўтган брифингда Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиш сабаблари маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, олиб борилган тадқиқот ва таҳлиллар натижасига кўра, тўғон ўпирилишига бир қатор омиллар сабаб бўлган.
Қайд этилишича, тўғонининг емирилиш сабабларидан бири Сув хўжалиги вазирлиги томонидан буюртмачи хизматини ташкил этиш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларини олиб боришда масъулиятсизликка йўл қўйилган. Бундан ташқари, иншоотни тўлақонли эксплуатация қилишда мазкур сув омборидан фойдаланиш қоидалари тасдиқланмаган, бу жараёнда белгиланган техник ва меъёрий талаблар қўпол равишда бузилган.
«‘UzGip’ масъулияти чекланган жамият лойиҳа ташкилоти томонидан сув омборининг ишчи лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида тасдиқланган техник-иқтисодий асосларда белгиланган ечимларга риоя қилинмасдан, унга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилган. Ишчи лойиҳа ҳужжатларида тўғоннинг конструктив ва сейсмик мустаҳкамлиги инобатга олинмаган», — дейди Абдулла Қўлдошев.
Шунингдек, у «Ўзбекистон темир йўллари» аксиядорлик жамиятининг пудрат ташкилоти ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари томонидан тўғон танаси тупроғининг зичлиги, фильтр ва ҳимоя тош қатлами қалинлиги лойиҳавий кўрсаткичдан паст бўлишига йўл қўйилганини таъкидлаган.
Абдулла Қўлдошевнинг сўзларига кўра, Сардоба сув омборини лойиҳалаштириш, қуриш ва тўғоннинг эксплуатацияси жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳолати бўйича буюртмачи, лойиҳачи, қурилиш ташкилотлари ҳамда эксплуатация хизматининг 17 нафар мансабдор ва мутасадди шахслари жиноий жавобгарликка тортилган. Айни пайтда уларга нисбатан айблов хулосаси Олий суд муҳокамасига ўтказилган.
«Мазкур воқеага дахлдор барча мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига яқин кунларда суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилади. Бу ҳақида жамоатчиликка қўшимча ахборот тақдим этилади», — дейди вазир ўринбосари.
Аввалроқ Сирдарёда «Сардоба иши»дан фойдаланиб, фирибгарлик йўли билан 15 миллион сўм «ишлаган» фуқаро суд қилингани ҳақида хабар қилинганди.