Сурхондарёда ҳожи эшоннинг зўравонлик қилаётгани айтилган хабарга изоҳ берилди
Сурхондарё вилоятида «Қонунлар ишламагандан кейин билакка эрк бериладими? Ўзбекистон мусулмонлари идорасидагилар уялишмасин: Бойсунда зўравон ҳожи эшон зулми кучаймоқда» номли хабарлар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан баёнот берди.

Хабарга кўра, мазкур ҳолат Бойсун тумани ички ишлар бўлими масъул ходимлари томонидан ўрганилган. 14 апрель куни соат 10:30 ларда туман Инкобод маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Ў. ва Қ.А. «Асланбек эксклюзив боғлари» МЧЖга қарашли ерда туманнинг Ҳунармадлар маҳалласида яшовчи фуқаро М.А. ҳамда М.А. илгаридан давом этиб келаётган ер майдони устида жанжалашиб, жанжал вақтида бир-бирларини қасддан уриб, тан жароҳати етказган.
Бунинг оқибатида фуқаро Ж.Ў., Қ.А., М.А. ва М.А. тан жароҳати олиб, шифохонага мурожаат қилган. Ҳозирги вақтда улар олган тан жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий маркази Сурхондарё филиалига суд-тиббий экспертизалар тайинланган ва юқорида номлари келтирилган фуқаролар экспертиза кўригидан ўтказилган. Суд-тиббиёт экспертизанинг 19 апрелдаги хулосасига кўра, фуқаро Ж.Ў. ўртача оғирликдаги тан жароҳати, фуқаро М.А. соғлиқнинг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати, М.А. эса енгил тан жароҳати олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бойсун тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 21 апрель куни Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Тергов ҳаракатлари жараёнида Ж.Ў.ни М.А. ва М.А. бир гуруҳ бўлиб тан жароҳати етказгани аниқланган.
Қайд этилишича, 29 апрель куни жиноят иши Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» бандига қайта малакаланиб, М.А. ва акаси М.А. жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирги кунда Бойсун тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинади.
Аввалроқ аёлнинг эри ва қайнакаси томонидан калтаклангани айтилган видео бўйича маълумот берилганди. Шунингдек, Наманганда она-бола 30 га яқин эркак томонидан калтаклангани айтилган хабарга изоҳ берилган эди.