Фарғонада собиқ қайнонасининг машинасини олиб қочган эркак ушланди — фото
Фарғона шаҳрида 29 апрель, пайшанба куни собиқ қайнонасининг машинасини олиб қочган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, А.И. исмли эркак Марғилон кўчасида эшиклари қулфланмаган, қаровсиз қолдирилган собиқ қайнонаси Э.Ў.га тегишли «Nexia-3» автомашинасини олиб қочган. Шунингдек, эркак калитни аёлнинг қўлидан тортиб олиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган. Маълумот ўрнида, ушбу жиноятни содир этган фуқаро ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Андижонда 19 ёшли йигит меҳмоннинг машинасини олиб қочгани, шунингдек, Тошкентда қаровсиз қолдирилган машинани олиб қочган эркак ЙТҲга учрагани хабар қилинган.