Ўзбекистонда апрель ойидаги инфляция даражаси маълум қилинди
Ўзбекистонда 2021 йилнинг бошидаги истеъмол секторида кузатилган инфляция даражаси маълум қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 2021 йил апрель ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1,5 фоизга қимматлашган. Нархлар ўсиши 4,1 фоизни ташкил этиб, ўртача ойлик кўрсаткич 1 фоизга тенг бўлган. Йиллик нисбатда истеъмол нархлари индекси ўсиш суръати 10,7 фоизга етган.
Таққослаш учун, 2020 йил апрель ойида товарлар ва хизматлар ой давомида ўртача 1,7 фоизга қимматлашган. Шунингдек, умумий истеъмол нархлари индекси ўсиш даражаси 4,5 фоизни, ўртача ойлик ўсиш даражаси 1,1 фоизни ташкил этган. Йиллик умумий нархлар индекси 2020 йил апрелда 14,5 фоизга етган.
Маълум қилинишича, 2021 йил апрель ойидаги йиллик нисбатдаги умумий нархлар индекси 2020 йилнинг мос ойига нисбатан 3,8 фоиз бандга ва 2019 йил апрель ойидаги кўрсаткичдан 3 фоиз бандга паст бўлган. 2021 йил январь–апрелдаги кўрсаткич 2020 йилнинг январь–апрелидаги мос даражадан 0,4 фоиз бандга ва 2019 йилнинг мос давридагидан 1,2 фоиз бандга паст бўлган.
Шунингдек, 2021 йил бошида озиқ–овқат маҳсулотлари 6,2 фоизга қимматлашиб, 2020 йил мос давридан 1,5 фоиз бандга ва 2019 йилдаги мос кўрсаткичдан 1,2 фоиз бандга паст бўлгани айтилган. Аниқланишича, 2020 йилнинг декабрига нисбатан озиқ-овқат маҳсулотлари 2,1 фоизга қимматлашиб, 2020 йилнинг мос даражасидан 0,3 фоиз бандга ва 2019 йилдан 1,8 фоиз бандга паст бўлган.
Аввалроқ Ўзбекистонда январь–март ойларида ЯИМ миқдори қанчани ташкил этгани маълум бўлгани, шунингдек, Ўзбекистонда январь–март ойларида ҳисобланган солиқнинг қанчаси ихтиёрий тўлангани хабар қилинган.