Ўзбекистонда поезд ва автомашиналар тўқнашуви билан боғлиқ қанча ҳолат қайд этилгани маълум бўлди
АОКАда 1 май, шанба куни «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Фирдавс Хайриддинов иштирокидаги брифингда темир йўл кесишмаларида ҳаракатдаги таркибнинг автомашина билан тўқнашувлари бўйича 9 та ҳолат қайд этилгани ҳақида ахборот берилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фирдавс Хайриддиновнинг таъкидлашича, 2021 йил 1 чорак текширувлари натижасида темир йўллларда ташишлар хавфсизлиги, поездлар ҳаракати хавфсизлиги борасида жами 3577 та камчиликлар аниқланган. Шунингдек, автомашина ҳайдовчилари айби билан темир йўл кесишмаларида юз бераётган ҳаракатдаги таркибнинг автотранспорт воситаси билан тўқнашувлари поездлар ва автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигига хавф туғдириб келмоқда.
Ушбу ҳолат йилнинг 1 чораги давомида 9 марта содир бўлган(2020 йилнинг 3 ойида 13 та ҳолат аниқланган). Тўқнашувлар натижасида 2021 йил 2 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Кесишмалардаги тўқнашувлар таҳлил қилинганда, барча ҳолатда автомобил ҳайдовчиларнинг айби билан кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлаётгани аниқланган. Бу бўйича, «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси томонидан «Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл состави хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида», «Темир йўл транспорти инфратузилмасининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» ҳамда «Юқори тезликдаги темир йўл транспорти хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Шу билан бир қаторда, мазкур лойиҳалар ўрнатилган тартибга мувофиқ, Транспорт вазирлигига киритилган. Ҳозирда улардан иккитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш босқичида бўлса, яна бири Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Оҳангаронда «Қўчқор дўхтир» номи билан танилган шифокор поезд ва автомашина тўқнашуви оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.