Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида цистанхе ўсимлиги илдизини ноқонуний йиғиб олган фуқаро табиатга 16 миллион сўм зарар келтирди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: Bugun.uz

Хабарга кўра, ҳолат 23 апрель куни Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кўмитаси Амударё туман инспекциясининг инспекторлари томонидан олиб борилган навбатдаги рейд тадбири давомида аниқланган. Амударё тумани Назархон ОФЙ фуқароси А.М. овул ҳудудидаги давлат захира еридан ноқонуний равишда 6560 килограмм цистанхе ўсимлиги илдизини йиғиб олгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузар фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 1-қисмга асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, табиатга келтирилган зарар 16 миллион 72 минг сўм деб ҳисобланиб, ундирилиши белгиланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида ноёб ўсимлик хитойликлар томонидан ноқонуний терилаётгани бўйича ўрганиш ишлари бошлангани хабар қилинганди. Кейинчалик Экология қўмитаси ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари якунланганини маълум қилган.