Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни яна бир бор муҳокама қилди
Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз республикаси президенти Садир Жапаров 1 май куни телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, суҳбатда куни кеча ўтган мулоқотлар давоми сифатида икки давлат раҳбарлари Қирғизистон–Тожикистон чегарасидаги вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилган. Ўз вақтида кўрилган ва ўзаро мувофиқлашган саъй-ҳаракатлар туфайли давлат чегараси қисмидаги вазиятни барқарорлаштиришга эришилгани ва унинг кескинлашишига йўл қўйилмагани катта мамнуният билан қайд этилган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари Марказий Осиё минтақасидаги барча масалаларни биродар мамлакатлар ва халқлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида конструктив ва ишончга асосланган мулоқот орқали биргаликда ҳал қилиш борасида қатъий эканликларини яна бир бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмон билан қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди
Маълумот учун, Кўк-Тош ва Хўжай Ало қишлоғи аҳолиси бир-бирига икки томондан тош отишни бошлаган ва кейинчалик отишма содир бўлган. Чегарадаги кескинлик 29 апрелда ҳам давом этганди.
Кейинчалик Қирғизистоннинг Оқ-Сой, Оқ-Татир ва Самарқандек қишлоқ округларида фавқулодда режим жорий этилди. Бироз вақтдан сўнг қирғиз-тожик чегарасида ҳарбийлар ўртасида отишма бошланди.
Чегара ҳудудида томонлар танклар билан ҳаракатлана бошлади, кейинроқ Қирғизистон танкдан ўқ узди. Шундан сўнг Қирғизистон ТИВ раҳбари Руслан Қозоқбоев тожикистонлик ҳамкасби билан музокаралар бошланганини маълум қилди.