Ўзбекистонда бокс бўйича олий спорт мактаблари ташкил этилади
Президентнинг «Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, республикада бокс бўйича олий спорт мактаблари ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Фото: Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати
Қарорда белгиланишича, дастлаб қуйидаги ҳудудларда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида бокс бўйича олий спорт маҳорат мактаблари давлат муассасаси сифатида ташкил этилади:
Андижон вилояти (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари);
Бухоро вилояти (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари);
Қашқадарё вилояти (Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари);
Тошкент вилояти (Сирдарё ва Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри).
Таъкидланшича, бокс мактаблари фаолияти ёш спортчиларни танлаб олиш ва уларни асосан миллий терма жамоаларга тайёрлашга йўналтирилиб, ўқиш 7-синфдан ташкил этилади, таълим олиш муддати 5 йил этиб белгиланади.
Шунингдек, қарор билан боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланган. Унга кўра, 2025 йилгача қуйидалигиларни амалга ошириш белгиланган:
спорт таълим муассасаларидаги бокс билан мунтазам шуғулланадиган ўқувчилар сонини 27 минггача етказиш;
келгуси 5 йил ичида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 7 та бокс залларини ташкил этиш;
бокс бўйича терма жамоаларнинг 46 га яқин халқаро спорт мусобақаларида иштирокини таъминлаш.
Таъкидланишича, 2021/2022 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларида бокс бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари икки бараварга оширилади.
Аввалроқ Президент «Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолагани, шунингдек, ўзбекистонлик боксчилар ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 10 та медални қўлга киритгани хабар қилинган.