Президент фармони билан Тошкент шаҳрида 7 мингта уй-жой қурилади
Президентнинг «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига биноан Тошкент шаҳрида 7000 та янги уй-жой қурилади. Бу ҳақда Қурилиш бош бошқармасига таяниб, ЎзА хабар берди.

Фармонга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги, Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси томонидан алоҳида массив танлаб олинган. Хусусан, 7 минг квартирани қуришга мўлжалланган 36,22 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу алоҳида массив Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани, Гулзор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан танланган. «ТошкентбошпланЛИТИ» институти томонидан дастлабки аҳоли пункти лойиҳаси тўлиқ схемаси ишлаб чиқилган. Кадастр агентлиги, Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан майдон 20 та лотга бўлинган.
Шунингдек, ушбу ҳужжатга кўра, 23 та 16 қаватли 2208 та хонадон, 79 та 9 қаватли 4266 та хонадон жойлашган кўп қаватли турар жой бинолари лойиҳаси тасдиқланган. Ҳар бир хона 70 квадратдан ошмаган ҳолда лойиҳалаштирилган. Мазкур лойиҳалар тўлиқ экспертизадан ўтказилиб, қурилиш жараёнига тайёр ҳолда турибди.
Қайд этилишича, массивни шакллантиришда аҳолига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида инфратузилмага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2310 ўринли 2 та мактаб, 1025 ўринли 4 та мактабгача таълим муассасаси, битта оилавий поликлиника, 957 ўринли 2 та кўп қаватли автотураргоҳ, 4 та маҳалла гузари биноси, бошқарув сервис биноси ҳамда битта ички ишлар бўлинмаси учун бино қурилиши белгиланган. Ушбу уй-жойлар 2021 йил сўнггида фойдаланишга топширилади.
Хабарда келтирилишича, ушбу уй-жойларни фуқароларга беришда «Халқпарвар» комиссиялари ташкил этилади. Комиссиялар ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, компенсация, субсидиялар ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудларда сенаторлар, депутатлар ва жамоат фаоллари иштирокида тузилади.
«Халқпарвар» комиссияси низоми тасдиқланган ва шу уй-жойларнинг аҳолига муддатида, сифатли, ҳақиқатдан уй-жойга муҳтож бўлган фуқароларга берилишида ушбу комиссия муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бундан ташқари, қурилишнинг назорат тизимига кўра, буюртмачининг назорат тизими мавжуд. Яъни буюртмачи сифатида бу массивда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ягона буюртмачи инжинеринг компанияси белгиланган.
Шунингдек, фармонда Тошкент шаҳридан уй-жойлар қурилиши учун 2 триллион 605 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Субсидиялар сони 4150 тани ва жами тўланадиган сумма 233,2 миллиард сўмни ташкил этади. Дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия суммаси 154,5 миллиард сўмни ташкил этиб, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 78,8 миллиард сўм субсидия ажратилган. Уй-жойнинг умумий ҳисобланган қиймати 399 миллион сўмгача. Бошланғич тўлов 15 фоиз этиб белгиланган. Фуқарога бошланғич бадал учун 10 фоиз субсидия берилса, шундан сўнг 5 фоиз тўлов амалга оширилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 33 мингта квартира ва якка уй-жойлар ипотека кредитлари асосида берилиши ва Ўзбекистонда уй-жойга субсидия олиш учун қай тартибда ҳужжат топширилиш кераклиги хабар қилинган эди. Шунингдек, Президент уй-жойларга хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш бўйича таклифларни кўриб чиққани маълум қилинган.