28 апрель — СССРдаги илк масон йиғини куни. Лекин Ўзбекистон ҳудудида масонлик СССРдан олдин пайдо бўлган

Масонлар жамиятлари ер юзининг турли қитъаларида ва турли мамлакатларда фаолият юритувчи сирли жамиятлардан ҳисобланади. СССРда ҳам масонлар жамиятлари бўлганми? Ўзбекистонда-чи? Уларнинг фаолиятлари нимага қаратилган? «Bugun.uz» шу саволларга жавоб беради.

СССРда тузилган илк масонлар ложаси

Фото: «Russianmasonry»

1991 йил 28 апрель куни СССРда тақиқланганидан 73 йил ўтиб биринчи масонлар йиғини ўтказилди. Ушбу ҳаракат СССРнинг биринчи масони сифатида тан олинадиган Георгий Дергачёв номи билан боғлиқ бўлиб, у Франциянинг Буюк Шарқи «L’Oeuvre Fraternel» ложаси билан алоқаларни ўрнатди. У 1990 йил 9 март куни масонликнинг бирданига 3 та — шогирд, халфа ва уста даражаларини олди. Шу йилнинг охирида унинг рассом дўсти ҳам ушбу ложага қабул қилиниб, учта даражани олди. Бу ҳаракатлар ўз натижасини берди: СССРда илк масонлик ложасининг очилишига етарли шарт-шароитлар пайдо бўлди. 1991 йилнинг 27 апрелида «Франциянинг Буюк Шарқи» ложасининг буюк зобитларидан иборат вакиллик делегацияси Москвага келди. Эртаси куни Москва вилоятидаги дачалардан бирида Россияда йил давомида Георгий Дергачёв томонидан танланган беш нафар номзод иштирокида илк масонлар йиғилиши ўтказилди. Беш номзоднинг ҳаммаси бирданига учта масон даражасига эга бўлди. Ушбу йиғинда Франциянинг Буюк Шарқи ложаси ҳомийлиги остида СССРда биринчи масонлар ложаси очилди. Бироқ бу Россия ҳудудидаги илк масон ложаси эмас эди.

Россияда масонлик жамиятлари аввал ҳам бўлганми?

Ҳа, албатта! Россияда масонлик жамиятлари XVIII асрнинг биринчи ярмида пайдо бўлган. Масонлик афсоналарида Россияда масонлик асосчилари сифатида кўпинча Пётр I ва унинг сафдошлари Франц Лефорт ва Патрик Гордонлар эсланади. Бироқ масонлик жамияти ҳақидаги илк ишончли маълумот 1731 йилга келиб Англия Буюк ложасининг буюк устаси Лорд Ловель Жон Филлипсни Россия учун минтақа буюк устаси этиб тайинлагани билан боғлиқ. Россияда масонликнинг кенг тарқалиши ва кўплаб ложаларнинг ташкил этилиши рус хизмати генерали Жеймс Кейт номи билан боғлиқ. У 1741 йилда Россия учун минтақа буюк устаси этиб тайинланган. Дастлаб Россиядаги масонлик жамиятлари асосини рус миллатига мансуб бўлмаган рус ҳарбий хизмати зобитлари ва савдогарлари ташкил этган. Кейинчалик рус миллатига мансуб жамият аъзолари сони ҳам ўсиб борган.

Россиядаги масонлик гуманистик ва тарбиявий мақсадларни кўзлаган, ахлоқий масалаларга кўпроқ эътибор берган. Аслида, бу ўз ватанининг гуллаб-яшнаши ва шу ерда яшовчи одамларнинг маърифатли қилишга ҳисса қўшиш учун бирлашган одамларнинг кўпроқ маънавий асосларга эга бирлашмаси эди.

Дастлабки масонлар ложалари Санкт-Петербург, Москва ва Ригада ташкил этилган. Улар орасида энг машҳури Санкт-Петербург ложаси бўлиб, унга граф Воронцов 1756 йилда асос солган. Унда кейинчалик таниқли кишиларга айланган князь М.Шербатов, И.Болтин, A.Сумарков ва бошқалар бор эди.

Фото: «Wikipedia»

Россияда масонлик жамиятлари тарихида Елагин масонлик тизими алоҳида эсланади. Ушбу тизимга Берлиннинг Ройал-Йорк ва Биринчи Англия буюк ложаларидан Россия минтақаси ложасини очишга рухсат олган Иван Елагин асос солган бўлиб, ушбу тизимда 14 та ложада 400 дан ортиқ масонлар иштирок этган. Ушбу жамиятлар кўпроқ масонлик тартиб-қоидалари, жамиятга қабул қилиш русумлари, уни шакллантириш фаолияти билан ёдда қолади. Ушбу тизимга муқобил равишда «Швед» ёки «Зиннендорф» тизими деб аталган, П.Рейхел томонидан асос солинган 8 та масонлар ложаси мавжуд бўлиб, улар ўртасида турли ихтилофли ҳолатлар мавжуд бўлган. 1776 йилда икки тизим ложалари бирлашиб, ўзларини «Бирлашув» деб номлай бошлади. Уларнинг орасида Николай Новиков, Лопухин, Тургенев, Чулков, Херасков, Кутузов сингари таниқли маърифатпарварлар, ҳарбийлар ва амалдорлар ҳам мавжуд бўлган. Улар типография иши, турли адабиётлар (шу жамладан, масонлик адабиётлари)ни таржима қилиш, маърифатпарварлик, жамиятни билимли қилиш, илмий жамиятларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланган. 1785 йилда масонлар жамиятларига йирик тарихчи олим Карамзин ва бошқа таниқли кишилар ҳам қўшилган. Бу ҳаракатлардан шубҳаланган қиролича Екатерина II масон жамиятларини таъқибга олган, уларнинг аъзоларини турли баҳоналар билан қамаган, сургун қилган. Павел I даврида масонлар жамиятлари аъзолари қайтарилиб, жамиятлар фаолиятига йўл очилган.

1815 йилда Европанинг қатор Буюк ложалари томонидан Россияда «Буюк Астрея ложаси» тузилгани эълон қилинган. Бироқ 1822 йилда Александр I фармонига асосан барча масон жамиятлари фаолияти тақиқланган. Бунга уларнинг жамият ижтимоий фикрини ўзгартиришга уриниши, турли демократик фикрларни ўртага ташлаётгани сабаб бўлган. Ушбу тақиқдан кейин узоқ вақт ўтиб, 1905 йилда Россияда Франция Буюк Шарқи ва Франция Буюк ложаси шафелигида Петербург ва Москвада яна масонлар ложалари тузилган. 1912 йилда Франция Буюк Шарқи ложасидан алоҳида, кўпроқ сиёсий аҳамият касб этувчи «Россия халқларининг Буюк Шарқи» ложаси ташкил этилган. Бироқ 1917 йилда ушбу жамиятлар фаолияти тақиқланди ва уларнинг кўпчилик аъзолари мамлакатдан чиқиб кетди.

Замонавий Россияда масонлар жамиятлари борми?

Фото: «Russia Beyond»

Юқорида айтиб ўтилган, 1991 йил 28 апрелда тузилган масонлик ложасидан сўнг 1991 йилдан 1997 йилгача 6 та: «Шимол юлдузи», «Озод Россия», «Тўққиз муза», «Шимоллик биродарлар», «Қутб юлдузи», «Москва» ложалари ташкил этилган. Франция Буюк Шарқи ҳомийлиги остида яна учта ложа тузилган. 1995 йилда Россия Буюк ложаси тузилгач, барча ложалар унинг тизимига ўтиб кета бошлади. 1999 йилда Россия Буюк ложаси таркибида 12 та, Франция Буюк Шарқи ложаси таркибида 2 та ложа мавжуд эди. 2001 йилда Россия Буюк ложаси тизимини 100 дан ортиқ масонлар тарк этди. Улар шу йили Россия мунтазам Буюк ложасини тузди. 2008 йилда Россиядаги Франция Буюк ложаси ўз номини ўзгартириб, янги Россиянинг бирлашган Буюк ложаси тузилди. Йилдан-йилга ложалар сони кўпайиб борди. 2020 йилда Россия Буюк ложаси таркибида 33 та ложада 700 га яқин, Россия мунтазам Буюк ложасида 11 та ложада 200 га яқин, Франция Буюк Шарқи ложасида 2 та ложада 40 га яқин, Франция Буюк ложасида 1 та ложада 20 га яқин, Франция Буюк аёллар ложасида 30 га яқин, «Le Droit Humain» да 2 та ложада 50 га яқин аъзолар мавжуд эди.

Ўзбекистонда масон жамиятлари

Марказий Осиё давлатлари орасида Афғонистон амири Ҳабибуллохон 1907 йилги Ҳиндистонга қилган сафари чоғида Калкуттадаги масонлик ложасига қабул қилингани ҳақида маълумотлар мавжуд. Хўш, Ўзбекистонда ҳам масонлик ложалари ёҳуд унга аъзо бўлганлар бўлганми?

Фото: «WikiCommons» Ҳабибуллохоннинг «Конкордиа» ложасига махфий тарзда қабул қилиниши ҳақидаги ҳужжат

Бизга маълумки, Ўзбекистонда масонлик жамиятлари ҳақида турли гап-сўзлар юради. Уларнинг қанчасида асос борлиги ҳақида эса аниқ далиллар мавжуд эмас. Шунга қарамай бу мавзу жуда кўпчиликни қизиқтириши табиий ҳол. Аммо интернет тармоғида ҳам, турли-туман миш-мишларга асосланган баъзи видео кўринишидаги маълумотларни айтмаса, Ўзбекистонда масонлар фаолияти ҳақида ишончли маълумотлар деярли йўқ ҳисобида.  Фақатгина Ўзбекистон Миллий архивида И-19 Фарғона ҳарбий округининг фонди 4-рўйхатида «Фарғона вилоятидаги франк-масон жамиятлари мавжудлиги ҳақида» деб номланган 174-йиғмажилди мавжуд бўлиб, махфийлик тамғаси остида сақланмоқда. Бу йиғмажилд билан танишиш имкони мавжуд эмас. Бироқ бу Фарғона водийсида XIX асрда масон жамиятлари бўлган, деб тахмин қилишимизга асос бўла олади.

Шарофиддин Ҳошимжонов

Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Янгиликлар17:02 | 3.12.22
Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Янгиликлар16:29 | 3.12.22
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Янгиликлар16:18 | 3.12.22
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Спорт15:08 | 3.12.22
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Янгиликлар14:21 | 3.12.22
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади
Янгиликлар13:15 | 3.12.22
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади