Бўстонлиқдаги туристик объектлар инвесторларга доимий фойдаланишга берилади — фоторепортаж
Туризм ва спорт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Чорвоқ» эркин сайёҳлик зонаси ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги томонидан 1 май куни ОАВ вакиллари ва тадбиркорлар учун инфотур ташкил этилди. Унда Чорвоқ эркин туристик зонаси директор ўринбосари Бўстонлиқдаги туристик объектлар инвесторларга доимий фойдаланишга берилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, Бўстонлиқ туманидаги фойдаланилмаётган объектлар ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш, уларни туризм ва сервис инфратузилмаси асосида ташкил этиш мақсадида сотув учун аукционга қўйилган.
Инфотур доирасида 11 та дам олиш маскани:
- «Зумрад сервиc» оромгоҳи;
- «Собиқ таянч пункти» биноси ва унинг атрофидаги ҳудудлар;
- «Иқтисодчи» дам олиш оромгоҳи;
- «Геобуртехника» дам олиш маскани;
- «Чотқол» дам олиш оромгоҳи;
- Фойдаланилмаётган эски бинолар;
- Тиббиёт академияси оромгоҳи;
- «ГидроЭнергетик» спорт соғломлаштириш лагери;
- «Сувоқова» бино иншоотлари;
- Рангли металл институтининг оромгоҳи;
- «Сойлиқ» оромгоҳи билан таъништирилди.


Чорвоқ эркин туристик зонаси мутахассисига кўра, объектларни савдога чиқаришдан олдин тадбиркорларга аниқ шартлар қўйилади. Жумладан, «Зумрад сервиc»да 2 йил давомида 4 юлдузли, 5 қаватдан кам бўлмаган, 100 хонали меҳмонхона комплексини ташкил этиш мажбурияти белгиланган. Унинг таъкидлашича, хусусийлаштириш жараёнлари қайта кўриб чиқилмайди. Бу объектлар инвесторга доимий фойдаланишга берилади.


«Ҳажми катта ҳудудларда 2 йил ичида шартномада кўрсатилган ишларни қуриб тугатиш қийин эканини ҳисобга олиб муддатини чўзиш мумкин. Фақат бунга арзирли сабаб бўлиши керак. Агар тадбиркор ерни олиб шартномада кўрсатилган ишларни бошламаса муддатни чўзиб бериш кўриб чиқилмайди», — дейди Чорвоқ эркин туристик зонаси бош мутахассиси Бекзод Сафаров.


Инвестиция бўлим бошлиғининг таъкидлашича, инвесторларнинг янги меҳмонхона қуриш харажатлари қисман давлат бюджетидан қопланади:
- 3 юлдуз тоифасига эга ҳар бир меҳмонхона хонаси учун
40 миллион сўм; - 4 юлдуз тоифасига эга ҳар бир меҳмонхона хонаси учун
65 миллион сўм.

Давлат ташкилотлари томонидан бу каби инфотурларнинг ўтказилиши ер участкалари савдоси билан боғлиқ жараёнларнинг очиқ ва шаффоф ўтишида муҳим аҳамиятга эга. Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари учун бундай инфотурлар тизимли равишда ўтказилади.
Аввалроқ «Билдирсой», «Чорвоқ» дам олиш масканлари ҳамда «Малика», «Пойтахт» бизнес мажмуалари инвесторларга сотилиши, «Билдирсой» ҳамда «Сижжак» дам олиш масканлари сотувга қўйилгани ҳақида хабар берилганди.