Ўзбекистонда 2021 йилда мулк ижараси билан боғлиқ низолар сони кўпайгани маълум қилинди
АОКАда 3 май, душанба куни Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда 2021 йилда мулк ижараси билан боғлиқ низолар сони кўпайгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилда фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция судлари томонидан мулк ижараси билан боғлиқ 528 та фуқаролик иши кўрилган бўлса, 2021 йилнинг январь–март ойларида 504 та низо кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, иқтисодий судларнинг биринчи инстанцияларида 2020 йилда 1948 та мулк ижараси билан боғлиқ низолар кўриб чиқилган бўлса, 2021 йилнинг январь–март ойларида бу кўрсаткич 641 тани ташкил этган.
«Ушбу низолар таҳлил қилинганида тарафлар ўртасида шартномавий мажбуриятларни бажармаслик ёхуд лозим даражада бажармаслик, ижара тўловини ўз вақтида амалга оширмаслик, ижарага олинган мулкни асрамаслик оқибатида унга шикаст етказиш каби ҳолатлар кўп учрайди», — дейди Азиз Обидов.
Унинг таъкидланишича, бундай низоларнинг олдини олиш учун кўчмас мулкни ижарага бермоқчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар ўзларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар ёки нотурар мулкларини ижарага беришда икки томонлама ижара шартномаси тузишлари ва шартномани қонунда белгиланган тартибда ҳисобга қўйишлари талаб этилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда «Ижтимоий ижара» тизими қандай ишлаши ва кимларни қамраб олиши маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.