Ўзбекистонда қандай ҳолларда Конституциявий суд судьясини қамоққа олиш мумкинлиги маълум бўлди
Президент томонидан «Конституциявий суд тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Маълум қилинишича, қонун таҳрири 13 боб ва 101 моддадан иборат. Аввалги таҳририда 5 боб ва 45 та модда бўлган. Конституциявий суд ўзи киритган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлайди. Суд таркибига киритилган судьялар сони, раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда, 7 нафардан 9 нафаргача оширилди.
Шунингдек, Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати навбатдаги сайланганида 10 йилни ташкил этади. Аввалгидек Конституциявий суд судьясига олий ёки биринчи малака даражаси берилади. Бироқ энди биринчи малака даражаси Конституциявий суд томонидан тақдим этилиши белгиланди. Олдин иккала малака даражалари Президент томонидан берилган.
Бундан ташқари, Конституциявий суднинг судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкинлиги қайд этилган. Конституциявий суд раиси Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг, уларнинг органларининг, шунингдек, Олий суд пленумининг мажлисларида иштирок этиши мумкин. Конституциявий суд ишларини юритиш коллегиал тарзда амалга оширилади. Бунга қадар ишларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тўрт судьядан кам бўлмаган таркибда коллегиал тарзда амалга оширилган.
Шу билан бирга, ҳужжат билан «Конституциявий судга мурожаат қилиш. Мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш. Ишни кўриш учун қабул қилиш» деб номланган боб киритилди. Унда қуйидагилар белгиланган:
- Конституциявий судга мурожаатга қўйиладиган талаблар;
- мурожаатга илова қилинадиган ҳужжатлар;
- айрим мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби;
- мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш тартиби ва бошқалар.
Қуйидагилар ҳам Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди:
- ҳисоб палатаси аъзолари (бунга қадар ҳисоб палатаси раиси);
- Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ;
- Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.
Қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Конституцияга мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли этиб белгиланди.
Аввалроқ Президент Конституциявий суд тўғрисидаги қонунни имзолагани ва Ўзбекистонда судлар ва давлат архиви ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинув йўлга қўйилгани ҳақида хабар қилинган. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши аъзоларининг янги таркиби тасдиқлангани маълум қилинган.