Ўзбекистонда қўлланилаётган вакциналар қайси штаммга самарасиз экани айтилди
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаеванинг 3 май душанба куни «Bugun.uz» мухбирига берган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қўлланилаётган вакциналар «африканча» штаммга самарасиз экани маълум қилинди.

Штаб аъзосининг айтишича, ишлаб чиқилган вакциналар бирламчи пайдо бўлган коронавирусга қарши ишлаб чиқилган. Вакцинацияни кўпгина давлатлар бошлаганига ярим йил бўлган. Шунингдек, у вакцинани коронавируснинг янги штаммларига бўлаётган таъсири ҳақида маълумотлар мавжудлигини таъкидлаган.
«Мақолаларда ёзилишича, вакциналар айнан бирламчи коронавирус инфекциясига қарши бўлса-да, «британча» штаммга таъсир этаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Лекин «африканча» штамм ўзига хос кечуви, дори воситаларига турғунлиги мавжуд ва вакцинациянинг бу штаммга таъсири бугунги кунда ўрганиш жараёнида. Тўлиқ тасдиқланган маълумотлар йўқ», — дейди Севара Убайдуллаева.
Унинг сўзларига кўра, олимлар «африканча» штамм баъзи беморларда дори воситаларга турғунлиги кузатилаётган бўлса-да, эмланганлар у штамм билан касалланса, касаллик енгил ўтишига эришиш мумкинлигини тахмин қилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда эмланган аҳолига эмланганлик тўғрисида сертификат берилиши, Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши пулли эмлаш қачон бошланиши маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.