Россияда миграция хизмати ходими ўзбекистонлик фуқарони калтаклади — видео
Россиянинг Томск миграция хизмати ходими ўзбекистонлик фуқарони Ички ишлар вазирлигининг миграция масалалари бўйича биносида калтаклади. Бу ҳақда Томск тергов қўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Сирож исмли жабрланувчи Ички ишлар вазирлигининг миграция масалалари бўйича биносига шахсини аниқлаш учун ҳибсга олинган танишининг ҳужжатларини олиб келган. Шундан сўнг миграция хизмати ходими ундан аввал паспортини, сўнг қўлидаги машина калитини кўриб ҳайдовчилик гувоҳномасини талаб қилган.
Сирож паспорт етарли эканини тушунтириб, унга гувоҳномани тақдим этишни хоҳламаган. Натижада ходим уни хонага олиб кириб, бошқа одамлар олдида калтаклаб, видеони ўчиришини талаб қилган. Жабрланувчи ҳодисадан сўнг дарҳол полицияга мурожаат қилиб, ҳуқуқбузарларга қарши чора кўрилишини сўраб ариза ёзган ва уларга ҳодисага оид видеони топширган.
Россия тергов қўмитаси текширув натижаларидан сўнг қарор қабул қилинишини айтган.
Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик эркак «мойка»дан «Lexus» ўғирлаб, ЙТҲга учрагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россияда 13 ёшли боланинг номусига теккан ўзбекистонлик эркак қўлга олингани маълум қилинган.