Тошкент вилоятида «Damas» фоторадар ўрнатилган «Nexia-3» билан тўқнашди
Тошкент вилояти Чиноз туманида 2 май, якшанба куни «Damas» фоторадар ўрнатилган «Nexia-3» билан тўқнашди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа соат 13:15 атрофида М-39 автомобиль йўлининг 862-километрида содир бўлган. Аниқланишича, 40 ёшли ҳайдовчи Р.А. «Damas»ни бошқараётиб йўлнинг ўнг томонида, йўл ёқасида тўхтаб турган Қибрай тумани йўл-патруль хизмати инспектори Н.Юлдашевга бириктирилган «Nexia-3» автомобилининг орқа томонига бориб урилиб, автоҳалокат содир этган.


Қайд этилишича, инспектор машинаси тезликни ўлчовчи мосламалар билан жиҳозланган бўлган. «Damas» ҳайдовчиси тан жароҳатлари билан шифохонага олиб кетилган. Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда «Matiz» ва «Cobalt» иштирокида автоҳалокат содир бўлгани ва Қашқадарёда «Cobalt» билан тўқнашган «Nexia» зовурга ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида юк машинаси ағдарилгани хабар қилинган.