17:43 | 04.05.21 72

Google ва Apple’га қарши рақобатчи пайдо бўлади

Уни ишлаб чиқиш учун ҳозиргача 30 миллион евро йиғилган

Европанинг энг йирик банклари Apple ва Google компанияларига қарши рақобатчини ишлаб чиқиш учун 30 миллион евро маблағ йиғди. Бу ҳақда «OltNews» нашри хабар берди.

Фото: «nytimes»

Маълум қилинишича, Европанинг 30 дан ортиқ йирик банклари ҳамда молия компаниялари Mastercard, Visa, ва Apple каби бозорда ҳукмрон бўлган Америка тўлов тизимлари билан рақобатлаша оладиган янги тўлов тизимини ишлаб чиқишни режалаштирган.

«Ғоя PayPal, Mastercard, Visa, Google ҳамда Apple компанияларига қарши тура оладиган тўлов тизимини яратишдан иборат», — дея қайд этган «Европа тўловлар тизими ташаббуси» (EPI) лойиҳаси раҳбари Йоахим Шмальцль европалик банкирларнинг ниятларини изоҳлаuан ҳолда.

Таъкидланишича, лойиҳа Европа комиссияси ва евро ҳудуди молиявий назоратчилари кўмагида ишлаб чиқилмоқда. Уни ривожлантираётган компаниялар орасида Европадаги барча тўловларнинг ярмидан кўпини амалга оширадиган «Deutsche Bank», «BNP Paribas», «ING», «UniCredit» ва «Santander» банклари бор бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати бир неча миллиард еврога баҳоланмоқда.

Шмальцлнинг айтишича, хизматнинг биринчи имкониятлари, шу жумладан, фойдаланувчилар ўртасидаги онлайн ўтказмалар 2022 йил бошида ишга туширилиши мумкин.

Аввалроқ Apple тўрт йил ичида илк марта смартфон сотиш бўйича етакчи бўлгани маълум қилинган. Шунингдек, компания раҳбари бир йилда қарийб 300 миллион доллар ишлагани ҳақида хабар берилганди.