МТВ боғча тўловларидан тушган маблағ нималарга сарфланишини маълум қилди
АОКАда 4 май, cешанба куни Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева иштирокида бўлиб ўтган брифингда боғча тўловларидан тушган маблағ нималарга сарфланишини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, мактабгача таълим ташкилотларида бола таъминоти учун ота-оналардан ундириладиган тўлов болани овқатлантириш харажатларига сарфланади. Шунингдек, ота-оналардан тушган маблағларнинг 5 фоизидан ортмаган қисми ташкилотнинг моддий-техника базасини яхшилашга ҳамда санитария-гигиена воситалари ва юмшоқ инвентарлар харид қилишга йўналтирилади.
Маълум қилинишича, ҳозирда давлат мактабгача таълим ташкилотларига ота-оналар тўловидан тушган маблағлар тўлиқлигича болани овқатлантириш харажатларига сарфланяпти.
«Давлат статистика қўмитаси ҳисоботларига кўра, 2020 йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўртача ўсиш даражаси 15,3 фоизни ташкил этган. Хусусан, нон маҳсулотлари 15,2 фоиз, гўшт, парранда гўшти ва балиқ нархлари 18,1 фоиз, сут маҳсулотлари нархи 11,5 фоиз, тухум нархи 37,6 фоиз, мевалар, сабзавотлар ва картошка нархлари 11,9 фоиз, ёғ ва мойлар 27 фоиз, шакар, чой ва бошқа маҳсулотлар 11,8 фоиз ошган», — дейди Мавлуда Асқархўжаева.
Шунингдек, у 2021 йилда истеъмол нархлари индекси 9-10 фоиз миқдорда бўлиши прогноз қилингани, шунга кўра, давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдори 2021 йилнинг 1 майидан бошлаб ўртача 15 фоиз ошганини таъкидлаган.
Аввалроқ Ўзбекистонда боғча, мактаб ходимлари ва сурункали касаллиги бор фуқароларни коронавирусга қарши эмлаш бошлангани ва Самарқандда боғча ёшидаги қанча бола мактабгача таълим ташкилотига бориши айтилгани ҳақида хабар берилганди.