Наманганда 17 ёшли қизнинг телефонини ўғирлаган йигит ушланди
Наманган вилояти Норин туманида 28 апрель куни 17 ёшли қизнинг телефонини ўғирлаган йигит ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 28 апрель куни соат 23:40 атрофида Норин тумани ички ишлар бўлимига ариза келиб тушган. Унда 17 ёшли қиз А.С. тумандаги 2-сонли мактабдан уйига кетаётган бўлгани, унинг орқасидан номаълум шахс қўлидаги сумкасини тортиб олиб, нархи 1 200 000 сўмлик «Samsung A10 S» русумли телефонини олиб, ҳодиса жойидан яширингани айтилган.
Таъкидланишича, тезкор қидирув давомида жиноятни 26 ёшли йигит С.Ж. содир этгани аниқланиб, ундан А.С.га тегишли телефон ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлимига ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан С.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «а» банди (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Андижонда 19 ёшли йигит таниш қизининг сочларини қирқиб, телефонини тортиб олгани хабар қилинганди. Шунингдек, Наманганда 2 йигит йўловчини уриб, 1 миллион сўмлик телефонини тортиб олгани маълум қилинган.