Ўзбекистон ва Россиянинг 2025 йилгача ҳарбий соҳадаги шериклик дастурига оид хавотирларга муносабат билдирилди
Мудофаа вазирлиги 2025 йилгача ҳарбий соҳада стратегик шериклик дастурининг Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланиши борасидаги хавотирлар асоссиз эканини маълум қилди.

Вазирлик сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Россия мудофаа вазири армия генерали Сергей Шойгунинг 2021 йил 27–28 апрель кунлари Ўзбекистонга ташрифидан сўнг хавотир юзага келишни бошлагани ҳақида маълум қилди. Жумладан,
- Стратегик шериклик доирасида Россия қўшинларининг Ўзбекистонга киритилишидан қўрқиш;
- Россиянинг ҳарбий музокараларига Ўзбекистоннинг мумкин бўлган аралашуви;
- Ғарб давлатлари томонидан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига салбий баҳо бериш эҳтимоли;
- Россиянинг Ўзбекистонга таъсири кучайиб бораётганидан норозилик;
- Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш зарурати.
Мудофаа вазирлиги юқорида келтирилган фикрлар ва қўрқувлар мантиқий асосга эга эмаслигини қайд этди.
«Ушбу саволларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (1992 йилдан), Ташқи сиёсат концепцияси (2012 йилдан), Мудофаа доктринаси (2018 йилдан) каби асосий мудофаа ҳужжатларида аниқ жавоб берилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасининг 10-бандида Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларни жойлаштиришга йўл қўймаслик; хориждаги тинчликпарварлик операциялари ва ҳарбий можароларда Қуролли кучларнинг иштирок этмаслиги тамойилига асосланади» дейилади хабарда.
Шунингдек, расмий мурожаатда Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи сиёсатини белгилайдиган суверен давлат экани, Конституциянинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти экани келтирилган.
«Ғарб давлатлари томонидан Ўзбекистон ташқи сиёсатига мумкин бўлган салбий баҳолардан қўрқиш, Россиянинг Ўзбекистонга таъсирининг кучайиб бораётганидан норозилик ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисидаги талаблар ҳам ўзини оқламайди».
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Россия, Европа, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари, АҚШ билан ҳамкорлиги тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида қурилган.
Ўзбекистон ва Россиянинг мудофаа вазирликлари ўртасида кенгайтирилган меъёрий-ҳуқуқий база яратилган, бу қуролли кучлар фаолиятининг турли йўналишларида ҳамкорликни олиб бориш ва фаоллаштиришга имкон бериши таъкидланган.
Ҳамкорлик асосини, аввало, 2004 йил 16 июлдаги Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги битим ва 2005 йил 14 ноябрдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги битим ташкил этади. Шунингдек, Россия Ўзбекистон аҳолисининг тинч ҳаётини, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Қуролли кучларини қурол ва ҳарбий техника билан таъминлаш соҳасида энг йирик шерик экани қайд этилади.
Мудофаа вазирлиги икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилиши Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатининг мантиқий давоми бўлиб, Россия билан ушбу ҳамкорликнинг Ўзбекистон учун турли хил оқибатлари тўғрисидаги миш-мишлар асоссиз эканини хулоса қилган.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Россия ҳарбий соҳада 2025 йилгача ҳамкорлик қилиш дастурини имзолагани ҳақида хабар берилганди.