Ўзбекистонда маданият ва санъат ходимлари кунини нишонлаш таклиф қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 4 май кунги навбатдаги мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Президентнинг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳада 15 апрель санасини «Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни» деб белгилаш таклиф қилинмоқда.
Қонун лойиҳасида маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ҳамда юқори натижаларга эришган фуқароларни «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан тақдирлаш кўзда тутиляпти.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Аввалроқ Парламент мажлисида Ўзбекистонда дориларни таниқли шахс ёки тиббиёт ходими орқали реклама қилиш тақиқланиши тўғрисида қонун лойиҳаси кўриб чиқилганди. Шунингдек, йиғилишда иккита партия фракцияларига раҳбарлар сайлангани хабар қилинганди.