Қайси давлат коронавирус мутацияси ўчоғи экани айтилди
Бразилияда коронавирус пандемиясининг расмийлар назоратисиз қолиши сабабли мамлакат коронавируснинг янги турларини кўпайтирувчи «лаборатория»га айланмоқда. Бу ҳақда Сан-Паулу университети тиббиёт факультети профессори Доминго Альвесга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Келтирилишича, мамлакатда 1 ҳафта олдин коронавируснинг 3 та янги штамми, шу жумладан «Жанубий Африка» ва «Амазония» вариантлари аниқланган. Мутахассис Манаус шаҳрида «Амазония» штамми аниқланиши ортидан мамлакатда кўпроқ ёшлар, ҳомиладор аёллар коронавурснинг хавф гуруҳига киришни бошлагани, аҳолини эмлаш жараёнида янги штаммлар пайдо бўлаётганини қайд этган.
Шунингдек, Бразилияда ўтган ойда 18 та мутацияни ўз ичига олган янги коронавирус тури аниқланган. Мутахассислар коронавирусга қарши эмланганларда мутацияланган штаммнинг аниқланиши «антитаначалар қалқони»ни бузадиган штаммларнинг пайдо бўлишига олиб келишини айтган.
Аввалроқ ЖССТ антитаначалар коронавируснинг қайси штаммига самарасиз эканини айтгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, эронлик олимлар коронавирусдан ҳимояловчи спрей ишлаб чиққани маълум қилинган.