Қашқадарёда аёл бир нечта йигит томонидан калтаклангани сабаби маълум бўлди
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳокимлиги ёнида аёл бир нечта йигит томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилганди. ЎзАнинг ёзишича, аёлнинг калтакланиш сабаби маълум бўлди.

Хабарга кўра, 24 апрель куни соат 22:00 ларда Чироқчи тумани Мустақиллик кўчасидаги автошохбекатда фуқаро Т.Н.ни ўзига нотаниш бўлган шахс уриб, унга тан жароҳати етказган.
Таъкидланишича, 1986 йилда Шаҳрисабз тумани Ҳожимайдон қишлоғида туғилган аёл танишиникига 2 ёшли эмизикли қизини ажратиш учун борган. Унинг уйидан эса кечроқ йўлга чиққан. Тошкент бекати яқинида аёлга маст йигит шахсиятига тегадиган гап айтиши оқибатида келишмовчилик юзага келган.
Айни пайтда Чироқчи тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида вақтинчалик ҳибсда ушлаб турилган Х.А (аёлни урган эркак) билан суҳбатлашилганда у ўша куни маст ҳолда бўлгани, ишидан пушаймон эканини маълум қилган.
«Тунги вақтда катта кўча бўйлаб кетаётгандим, озгина спиртли ичимлик ҳам истеъмол қилгандим. Ёнимдан ўтиб бораётган икки нафар хотин-қизлардан бири танишдек кўринди. Улардан бирига ‘қандайсан’ дея гап отдим. Улар менга жавоб қайтардими ё қайтармадими — ҳозир аниқ ёдимда йўқ, ўтиб кетишди. Тошкент шаҳрига машиналар қатнайдиган бекатга етиб қолганимда ҳалига аёллардан бири орқамдан етиб келиб, кўйлагимдан тортиб, ‘сен кимга гапираяпсан’ деб бақириб кетди. Мен эса сенга гапирмадим, шеригингга гапирдим, дея жавоб қайтардим.

У ёқамдан тортиб, мени силтаб уриб кетди. Жаҳлим чиқиб кетди, мен ҳам юзига тарсаки тортиб юбордим. Шериги қўлига тош олиб менга ўқталди. Унгача атрофдагилар йиғилиб, томоша қила бошлади. Улар эса борган сари менга ёпишиб, баланд овозда бақириб, жанжал қилиб кетди. Кейин нима бўлганини билмайман, ўзимни бошқариб тура олмадим. Қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман», — дейди эркак.
Аниқланишича, 2 май куни аёл ўнг қулоқ атрофидаги оғриқ, қулоқнинг яхши эшитмаслиги ва бош оғриғи билан шикоят қилган ва Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли жарроҳлик бўлимига ётқизилган.
«Ўзим жуда қийналганман, ижарада яшайман», — дейди жабрланувчи Т.Н. «Ўша куни 2 ёшли эмизикли қизимни ажратиш мақсадида чироқчилик танишимникига ташлаш учун келгандим. Бахтга қарши, уларникида меҳмон сифатида бир оз ўтириб қолдим ва кечроқ йўлга чиқдим. Тошкент ‘стоянка’сига келганимда қўлига ‘бутилка’ кўтариб олган бир йигит шахсиятимга тегадиган гап айтди. У гап менга жуда оғир ботди ва ундан ‘айтган гапингни исботлаб бер’ дея изоҳ сўрадим. Бу ҳолатга гувоҳ бўлиб турган шу ердаги шофёр йигитларга ҳам қойил қолмадим».
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жабрланувчи процессуал тартибида гумондор сифатида ушланган.
Аввалроқ мазкур ҳолат Сенат томондан назоратга олингани маълум қилинганди.