Тошкентда телебошловчи Валдис Пельш ёш журналистлар учун тренинг ўтказди
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида 3–7 май кунлари ўтказилаётган «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа ҳафталигида россиялик телебошловчи Валдис Пельш ўзбекистонлик журналистлар учун тренинг ўтказди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Хабарга кўра, тренингда Валдис Пельш томонидан ҳужжатли кўрсатувлар ва визуал асарлар яратиш, молиявий тақдимотларни тузиш, креатив дастурлар ва инновацион медиа лойиҳалар яратиш каби маҳорат сирлари ўргатилган. Шунингдек, журналист ва мухбирлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилган.
Таъкидланишича, россиялик журналист Борис Максудов иштирокида ёш журналистлар учун Амирхон Умаров, Бахтиёр Тўрахонов билан учрашув ва мастер-класс, ёш операторлар учун Тошкент ахборот технологиялари университети кафедра мудири, оператор Ботир Бозорбоев билан учрашув, «Ёш кинематографистлар ассоциацияси» бўйича муҳокамалар бўлиб ўтган.

Шунингдек, медиаҳафталик давомида ёш журналистлар учун маҳорат дарслари давом этиши, «Ёшлар медиа студиялари» лойиҳасининг иштирокчилари учун мўлжалланган семинарлар ташкил этилиши маълум қилинган. Ёшлар журналистикасини ривожлантириш бўйича «Аёллар медиа клуби»нинг махсус йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Аввалроқ Тошкентда «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа ҳафталиги бошлангани, шунингдек, унда Рене Фалкнер, Борис Максудов, Бахтиёр Тўрахонов ва бошқа етакчи мутахассислар бошчилигида ёш журналистларнинг медиа курслари бошланиши маълум қилинган.