Видео: Самарқандда кучли ёмғир ёғди
Самарқанд шаҳрида 4 май куни кучли ёмғир ёғди. «Bugun.uz»нинг алоқа ботига ҳудудда яшовчи фуқаролар томонидан видео келиб тушди.

Маълум қилинишича, соат 15:30 ларда шаҳарда кучли ёмғир ёғиб ўтган. Тўсатдан келган шамол аралаш ёмғир баъзи электр истеъмолчилари ва ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдирган. Шу билан бирга, Самарқанд давлат тиббиёт институти биноси яқинидаги чинор дарахти синиб кетгани айтилмоқда.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди. Шаҳарда ёғадиган кучли ёмғирдан сўнг юзага келиши мумкин бўлган сув тошқини ва турли хил кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида тезкор хавфсизлик гуруҳи ташкил этилган.
«Мазкур гуруҳ томонидан техник воситалар ёрдамида шаҳарнинг ҳар бир ҳудуди назорат қилиб борилади ва мавжуд муаммоларга тезда барҳам берилади. Мурожаат учун телефон: 10 50», дейилади хабарда.
Шунингдек, шаҳар электр таъминоти корхонаси кутилмаган об-ҳаво туфайли истеъмолчилар электр таъминотидан узилиб қолганини ҳамда узилиш тез орада бартараф этилишини маълум қилди.
Аввалроқ Самарқандда ёққан ёмғир асосий кўчалардан биридаги кўприкни бузиб юборгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик бўлиниб кетган кўприк юзасидан изоҳ берилган.