Ар-Риёдда Ўзбекистон–Саудия Арабистони Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди
Ар-Риёд шаҳрида 2021 йилнинг 3 май куни бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Саудия Арабистони подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ раислигида Савдо, иқтисод, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича икки давлат ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиясининг IV йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Учрашувда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари, шунингдек, Саудия Арабистонининг йирик компания ва саноат холдинглари раҳбарлари қатнашган. Йиғилиш кун тартиби билан икки томонлама инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий-техник, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари қамраб олинган.
Делегациялар раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги стратегик, тизимли ва кўп қиррали шерикликни фаоллаштиришнинг жадал суръатларини таъкидлаган. Бунга турли даражадаги масалаларни таҳлил этиш ва ҳал қилишда ўзаро англашувнинг юқори даражаси, шунингдек, икки мамлакат вазирлик ва идораларининг ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил кенгайтириш борасидаги мувофиқлаштирилган ҳаракатлари ҳисобига эришилган.


«Шу билан бирга, узоқ муддатли иқтисодий шерикликнинг барқарор механизмларини яратиш зарурияти тилга олинди. Бу айниқса, коронавирус пандемияси таъсирида жаҳон иқтисодиётида сақланаётган салбий тенденциялар рўй бераётган бир пайтда муҳимдир.
Энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туризм, меҳмонхона бизнеси, транспорт ва логистика каби тармоқларда икки томонлама инвестициявий ҳамкорликнинг муҳим ишга солинмаган имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Соғлиқни сақлаш, кимё ва фармацевтика саноати соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди», дейилади хабарда.
Шунингдек, молия соҳасида шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу нуқтаи назардан, мулоқот давомида Саудия Арабистони тараққиёт жамғармаси (САТЖ) билан ҳамкорликда эришилган ютуқларга тўхталиб ўтилган. Хусусан, 2021 йил бошидан буён Жамғарма томонидан умумий қиймати 300 миллион долларга тенг 10 та лойиҳа молиялаштирилган. Бу борадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини ижобий баҳолаб, томонлар Саудия Арабистони инвесторлари ва молия институтлари орасидан Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш учун янги шерикларни жалб этишда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирган.

Йиғилиш якунлари бўйича энергетика, қишлоқ хўжалиги ва стандартлаштириш соҳасида қатор икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон–Саудия Арабистони ҳамкорлигини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг асосий йўналишларини акс эттирувчи якуний баённома имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Саудия Арабистонига ташриф буюриши ҳақида хабар берилганди.