Ерга диаметри 260 метргача бўлган астероид яқинлашади
АҚШ Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бошқармаси Ерга улкан астероид яқинлашаётганини маълум қилди. Бу ҳақда бошқарма маълумотларига таяниб, «Newsweek» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 АE4 номини олган осмон жисми 6 май, пайшанба куни Ер ёнидан учиб ўтади. У сайёрага Тошкент вақти билан 20:59 да яқинлашади ва 7 миллион километр масофада қайд этилади.
Астрономларнинг таъкидлашича, диаметри 260 метргача бўлиши мумкин бўлган астероид Ерга ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Эслатиб ўтамиз, NASA Ернинг астероид билан тўқнашувига тайёргарлик кўриш машқлари муваффақиятсиз якунлангани сабабли инсоният Европани йўқ қилувчи катта астероидни тўхтатиш технологиясига эга эмаслигини маълум қилганди. Таъкидлашича, олти ой ичида одамлар яқинлашаётган космик объект ҳақида билса ҳам, фалокатнинг олдини ола олмайди. Олимлар Ердан 35 миллион километр узоқликда учадиган астероид зарбаси хавфини фақат ядро қуроли ёрдамида камайтириш мумкинлиги, аммо ракета самарадорлиги шубҳали бўлиб чиққанини қайт этган.
Аввалроқ Ерга стадион катталигидаги астероид яқинлашаётгани маълум қилинганди. Шунингдек, сайёра ёнидан 21 март куни энг катта астероид учиб ўтиши хабар берилган.