Хоразмда газга ноқонуний уланган корхона аниқланди
Хоразм вилояти Урганч туманида табиий газ тармоғига ноқонуний уланган корхона аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Урганч туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «Х.О.» МЧЖ томонидан табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланилгани аниқланган.
Таъкидланишича, қўлбола усулда тайёрланган 10 та газ ёндиргичлардан фойдаланиб келингани, шунингдек ушбу ёндиргичлардаги газ босими белгиланган меъёрдан юқор бўлгани сабаб ҳудудий газ таъминоти корхонасига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда газга ноқонуний уланган оҳак ишлаб чиқарувчи яширин цех аниқлангани хабар қилинган. Шунингдек, Бухорода қўшнисининг газ қувурига уланиб, ноқонуний фойдаланаётган шахсга жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган.