ХТВ ходимларнинг иш ҳақидан мажбурий ушланмалар олиб қолинишига муносабат билдирди
Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг иш ҳақидан мажбурий равишда розилик хати ёздириб, мол-мулк, ер, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиқлари олиб қолиш ҳолатларига муносабат билдирди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ходимларнинг иш ҳақи тўловларидан ушланмалар (мол-мулк, ер солиғи ва бошқа тўловлар) уларнинг ёзма розилигисиз амалга оширилмаслиги, бу каби хатларни мажбурий равишда ёздириш ҳолатлари юз берган тақдирда, ўқитувчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши кераклиги таъкидланган.
Шунингдек, масъул ходимлар бу каби ҳолатларга йўл қўйса, улар билан меҳнат шартномаси амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши айтилган.
Бу каби ҳолатлар бўйича халқ таълими бўлинмалари биринчи раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланиб, масъулиятсизликка йўл қўйиш ҳолатлари такрорланган тақдирда, раҳбарларга нисбатан ўрнатилган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланади ҳамда меҳнат шартномаси бекор қилинади.
Аввалроқ ХТВ Қашқадарёда калтакланган ҳомиладор ўқитувчи иши юзасидан муносабат билдирган. Шунингдек, дарс пайтида партага оёғини қўйиб ўтирган ўқувчилар видеосига муносабат билдирилган.