Наманганда танишининг уйига келган эркак бошқа бир эркакни пичоқлади
Наманган вилояти Давлатобод туманида 3 май, душанба куни танишининг уйига келган эркак бошқа бир эркакни жанжал сабаб пичоқлади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа соат 16:00 атрофида Навбаҳор маҳалласида содир бўлган. М.Қ. исмли 32 ёшли эркак таниши Т.Ш.нинг уйига келган пайтда у ерда бўлган 31 ёшли эркак Н.И. билан тортишиб қолган. Ораларида жанжал келиб чиққани сабаб М.Қ. унинг қорин қисмига ошхона пичоғи билан бир марта жароҳат етказган. Оқибатда Н.И. гемоперитонеум пост геморрагик шок-1-2 даражаси ташхиси билан шифохонага ётқизилган.



Мазкур ҳолат юзасидан М.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «л» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.
Маълумот ўзрнида, бу турдаги жиноятлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Аввалроқ Самарқандда эркак жанжал сабаб 28 ёшли йигитни пичоқлаб ўлдиргани ва Тошкентда ўсмир у билан саломлашмаган 22 ёшли йигитни пичоқлагани хабар қилинган эди. Шунингдек, Фарғонада 19 ёшли йигит спиртли ичимлик олиб келишга мажбурлаган икки эркакни пичоқлагани ҳақида маълум қилинган.