Ўзбекистонда ҳайдовчилардан ишончнома талаб этиш тартиби бекор қилинади
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қарорга кўра, 1 августдан қуйидаги давлат хизматлари ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади:
- автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;
- автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлар ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.
Таъкидланишича, 1 августдан ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар фақат давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.
Шунингдек, 1 сентябрдан ҳайдовчилардан автомототранспортни бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган), техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома электрон шаклга ўтказиш орқали мазкур ҳужжатларни ҳайдовчидан талаб этиш тартиби бекор қилиниши айтилган.
Маълум қилинишича, 1 июлга қадар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида автоматлаштирилган электрон тизимларнинг ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинган ҳолда тўлиқ ишга туширилиши таъминланади.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда рухсатсиз «тонировка» учун жарима миқдори камайтирилиши мумкин
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг тўхтаб туриш қоидаларини бузгани учун жарима миқдори камайтирилгани хабар қилинган.