Ўзбекистонда пенсия ва нафақаларни нақд пулда етказиб бериш жорий этилади
Президент қарори билан пенсия тайинлаш жараёни соддалаштирилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, қарорга кўра, пенсия ва нафақаларни нақд пулда етказиб бериш жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида хабар қилинди.

Маълум қилинишича, Президентнинг «Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ҳужжатда 2022 йил 1 январдан пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловлар (пенсия ва нафақалар)ни тўлаш тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, ташкилот ва банклар ҳар уч йилда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланади. Бунда уларга пенсия ва нафақаларни нақд пулда маҳалла фуқаролар йиғинларига, фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб бериш мажбурияти юклатилади.
Бундан ташқари, 2022 йил 1 июлдан:
- давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, ОТМдаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ ИДАК)га киритиш хизмати жорий этилади;
- давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади;
- давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 июлга қадар қариялар ва кекса ёшдагилар, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга мослаштирилган Пенсия жамғармасининг бинолари бўйича минимал талабларга асосан ҳар бир ҳудудда биттадан Пенсия жамғармасининг мавжуд бинолари негизида «Намунали Пенсия жамғармаси бўлими» ташкил этилади.
Аввалроқ Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи пенсия ва нафақа олиши ҳамда Ўзбекистонда ёшга доир пенсияларни муддатидан олдин тайинлаш тартиби ҳақида ҳабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони маълум қилинган.