Ўзбекистонда январь–март ойларида фуқаролик суди томонидан кўрилган ишлар 30 фоизга ошгани айтилди
Тошкентда судлар фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан брифинг ташкил қилинди. Унда 2021 йилнинг январь–март ойларида фуқаролик суди томонидан кўрилган ишлар 30 фоизга ошгани маълум қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди ахборот хизмати раҳбари Садоқат Қодирберганова «Bugun.uz»га маълум қилди.

Брифингда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасовнинг берган маълумотига кўра, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан бу давр мобайнида жами 11 505 та фуқаролик иши кўрилган. Бу кўрсаткич 2020 йилда 8855 тани ташкил этган. Таъкидланишича, тамомланган ишларнинг сони 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 2650 тага ёки 30 фоизга кўпайган.
Қайд этилишича, судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича давлат фойдасига 8 873 802 794 сўм давлат божи ундирилган. Хусусан, 2021 йил январь–март ойларида тамомланган 11 505 та ишдан 11 504 таси туманлараро судга, 1 таси шаҳар судига тўғри келган.
Шу билан бирга, жами тамомланган 11 505 та ишдан 9821 таси ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган. Шундан
• 8562 та даъво қаноатлантирилган;
• 1259 та даъво рад этилган;
• 210 та иш юритувдан тугатилган;
• 1474 та ариза кўрмасдан қолдирилган.
Мазкур ишлар таҳлилларига кўра, 2020 йилнинг биринчи чорагига нисбатан ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган қуйидаги тоифа ишлар сони:
• оталикка эътироз билдириш ҳақидаги ишлар 23 тадан 15 тага (-8 та);
• фуқаронинг шаъни, ор-номуси, қадр-қиммати, ҳаёти, соғлиғига етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ ишлар 13 тадан 5 тага (-8 та);
• ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги ишлар 65 тадан 55 тага (-10 та);
• жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ ишлар 32 тадан 21 тага (-11 та);
• зарар билан боғлиқ бошқа низоларга 129 тадан 91 тага (-38 та);
• уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги ишлар 407 тадан 297 тага (-110 та);
• қарз ундириш ҳақидаги ишлар 919 тадан 462 тага (-457 та) камайган.
Аввалроқ Тошкентда судьялар, суд ва ЙҲХББ собиқ ходимларига нисбатан ҳукм ўқилгани, Ўзбекистонда суд қарорлари устидан шикоятлар бериш муддати ўзгартирилгани ҳақида хабар берилганди.