ЎзЖОКУда талабалар учун республикадаги илк мультимедиа студияси очилди
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида талабалар учун республикадаги илк мультимедиа студияси очилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур студия 5 май, пайшанба куни «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа ҳафталиги доирасида «Sevimli TV» телеканали ва Электрон оммавий ахборот миллий ассациацияси ҳамкорлигида ташкил этилган. Марказда энг фаол ва ташаббускор талабалар гуруҳи журналистиканинг амалий кўникмаларини ўзлаштириши, шунингдек, талабалар ҳаёти билан боғлиқ янгиликларни «Sevimli» телеканали орқали ёритиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, «Пойтахт» радиоси билан ҳамкорликда радиостудия ҳам очилиши қайд этилган. Бошловчи радиожурналистлар учун амалиёт, лойиҳалар ва ёшларбоп кўнгилочар дастурлар тайёрлаш учун эфир вақти ажратилади.
«Айни пайтда медиа ҳафталик қизғин паллага кирди, ёшлар учун бир неча кунлик семинар машғулотлари, медиа-майдончалари ўз самарасини бера бошлаганини кўрсатмоқда. Хорижий мураббийлар ҳам ёшларимизнинг интилиши ва шижоатларини эътироф этишмоқда. Биргина мураббий машғулотларига биринчи куни 20 нафар талаба қатнашган бўлса, иккинчи куни уларнинг сони 40 нафарга етган. Ҳолбуки, бўлажак журналистларимиз учун бу машғулотларга қатнашиш мутлақо ихтиёрий, — дейди ЎзОАВМА раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.
Талаба ёшлар учун замонавий базалар яна бешта университетда, ОАВ соҳасида кадрлар тайёрланадиган факультетлар қошида ташкил этилади. Бу ташаббус ўзаро меморандумлар воситасида мустаҳкамланади. Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети ва Санъат ва маданият институтида ЎзЭОАВМА билан ана шундай ҳужжатлар имзоланади.
Маълумот ўрнида, медиа ҳафталик доирасида ихтисослаштирилган университетлар ва факультетлар талабалари PR ва SMM, журналистика, операторлик маҳорати, монтаж ва бошқа йўналишлар бўйича малака оширади.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Тошкентда «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа ҳафталиги бошлангани ва Тошкентда телебошловчи Валдис Пельш ёш журналистлар учун тренинг ўтказгани хабар қилинган эди.