Самарқандда турли вилоятлардан келган аёлларни фоҳишаликка мажбурлаганлар ушланди — видео
Самарқанд шаҳрида турли вилоятлардан келган аёлларни фохишалик қилишга мажбурлаганлар ушланди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастури хабар берди.

Хабарга кўра, Самарқанд шаҳри Орзу, Гаспарали, Жайхун кўчаларидаги умумий уйларда 6 нафар аёл ва 1 эркак турли вилоятлардан келган аёлларни фоҳишалик билан шуғулланиш учун ушлаб турган. Аниқланишича, улар орасида 18 ёшга тўлмаган қиз ҳам шу йўл билан пул топишга мажбурланган.
Шунингдек, аёлларга ижара пули ҳамда ўз эҳтиёжи учун кунига 200 минг сўмдан 500 минг сўмгача пул топиб келиш мажбурияти юкланган. Улар шаҳардаги уйларда 2018 йилнинг август ойидан 2020 йилнинг октябригача мажбуран ушлаб турилган.
Ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида жиноий гуруҳга ҳукм ўқилди. Унга кўра, Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми ҳамда 57- моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, уларга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Самарқандда танишини алдов йўли билан Туркияга фоҳишаликка сотиб юбораётган эркак ушлангани хабар қилинган. Шунингдек, Наманганда уйида фоҳишахона сақлаган 60 ёшли аёл ушлангани маълум қилинган.