Ёзувчилар уюшмаси учун ажратилган пуллар қаерга сарфланиши маълум бўлди
АОКАда 5 май, чоршанба куни Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ иштирокида бўлиб ўтган брифингда уюшма учун ажратилган пуллар қаерга сарфланиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасига Молия вазирлиги томонидан 120 миллиард сўм ажратилган. Шундан 20 миллиард сўм маблағ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ўтказилган. Шунингдек, ушбу маблағни мақсадли сарфлаш учун уюшмада иқтисод бўлими ташкил этилган. Унда маблағ қаерга сарфланиши белгилаб берилган. Жумладан:
- Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этиладиган адибларнинг ижод намуналарини, жумладан, ёш муаллифларнинг биринчи китобларини нашр этиш;
- уюшма аъзоларининг ижодий кечаларини ўтказиш, адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган аъзоларга моддий ёрдам кўрсатиш;
- халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъана ва қадриятлари тараннум этилган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг муносиб намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш ҳамда жаҳон ахборот тармоғида кенг тарғиб этиш;
- миллий адабиётни ривожлантириш, адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилган ҳамда мамлакат ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бадиий асарлар муаллифларини моддий жиҳатдан рағбатлантириш;
- Ёзувчилар уюшмаси ҳамда унинг таниқли аъзолари ижодий фаолиятига бағишланган веб-сайтларни яратиш ва уларни янгилаб бориш;
- Ёзувчилар уюшмаси ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш сингари вазифалар Ёзувчилар уюшмасига ажратилган маблағ доирасида амалга оширилади.
Нодир Жонузоқнинг таъкидлашича, моддий қўллаб-қувватлаш туфайли Ёзувчилар уюшмаси ўз фаолиятини эмин-эркин йўлга қўйиш имкониятига эга бўлган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ўз ҳисобидан малака оширган ўқитувчилардан тушган пуллар қаерга сарфланиши маълум бўлгани ва Ўзбекистонда вакциналар харид қилиш учун неча пул сарфланиши сарфланиши ҳақида хабар берилганди.