Афғонистондаги уруш: ибтидо ва интиҳо. Уруш якунланмоқдами?

АҚШнинг Афғонистонга ҳарбий интервенциясига бу йил 20 йил тўлади. Яқинда АҚШ президенти Жо Бейден, ниҳоят, америкалик ҳарбийларнинг Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши ҳақида баёнот берди. Ҳатто мамлакатда зўравонлик кучайиб бораётган бир шароитда ҳам президент Байден 20 йиллик урушдан сўнг АҚШ қўшинларини уйга қайтаришга жазм қилди. «Bugun.uz» Афғонистондаги урушнинг бошланиши ва унинг қандай якунланиши борасида «New York Times» нашри эълон қилган мақоланинг таржимасини сизларга тақдим этади.

14 апрель куни президент Байден Қўшма Штатлар террорчиларни Афғонистондаги бошпанасидан маҳрум қилиш бўйича ўз миссиясини аллақачон бажаргани ҳақида баёнот берар экан, Америка қўшинлари 11 сентябрга бориб мамлакатни тарк этишини маълум қилган. Америкалик ҳарбийлар қўшинларни олиб чиқиб кетишни 25 апрелдан бошлади.

Фото: «New York Times»

Тўртта президентнинг гарданига тушган, америкаликларнинг йўқотишлари, беаёв душман ҳамда коррупциялашган ва айёр Афғон ҳукумати билан ишлашга тўғри келган жанговар миссия ўз якунига етмоқда.

Жаноб Байден АҚШ тарихида ўзга ҳудудларда олиб борилган энг узоқ уруш бўлмиш 20 йиллик уруш мобайнида Америка қўшинлари Афғонистонда замонавий барқарор демократия ўрната олмаслиги аён бўлди, деб тан олган.

Оқ Уй мажлислар залидаги ўз мурожаатида Байден «Афғонистондаги уруш ҳеч қачон бир неча авлод давом этади деб мақсад қилинмаган», — деб айтган.

Жаноб Байденнинг айтишича, қолган тахминан 2500–3500 нафар аскар ҳам Американи ларзага солган, ҳарбий интервенциянинг бошланишини тезлаштириб юборган ҳодиса — 11 сентябрь воқеаларининг 20 йиллиги санасигача уйга қайтади.

Энди президент Афғонистонни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда бераётган ҳамда тинчлик бўйича музокаралар эса боши берк кўчага кириб қолган бир пайтда, иккита ўн йилликка мўлжалланган урушнинг мақсадлари ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда: Афғонистон заминидан террорчилик хуружларини тайёрлаш ва ўтказиш учун фойдаланилишига йўл қўймаслик керак.

Фото: «New York Times»

АҚШ Афғонистонга нега қўшин киритган эди?

11 сентябрда «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи томонидан АҚШга ҳужум уюштирилгач, Америка аскарлари Афғонистондаги «Толибон» гуруҳига зарба бериш бўйича ҳужум ҳаракатларини бошлаган.

«Пухта ўйлаб чиқилган ушбу ҳаракатлар Афғонистондан террорчилик операциялари учун база сифатида фойдаланилишига йўл қўймаслик ва толибон режимининг ҳарбий потенциалига қарши зарба беришни мақсад қилади», — деган эди ўша пайтдаги президент Жорж Буш.

Президент Бушнинг айтишича, ўша пайтда Афғонистоннинг катта қисмини назорат қилган «Толибон» вакиллари Афғонистондаги базалардан туриб ҳужум ҳаракатларини режалаштирган «Ал-Қоида» етакчиларини топширишдан бош тортган.  Унинг айтишича, у «Ал-Қоида» етакчиларини жавобгарликка тортишини мақсад қилган эди ва «‘Толибон’ бунинг учун ҳақ тўлаши керак».

Ўша пайтдаёқ президент «Енгилмас Эрк» операцияси аввалги бошқа операцияларга ўхшамаслиги ва узоқ кампания бўлиши ҳақида огоҳлантирган эди.

2001 йилнинг декабрида «Ал-Қоида» етакчиси Усома Бен Ладен ва бошқалар АҚШнинг номинал иттифоқчиси бўлган Покистондаги хавфсиз жойларга қочиб кетишди. АҚШ ҳарбийлари уларни таъқиб қилмади ва якунда Покистон «Толибон» ҳаракатининг қўмондонлари ва жангарилари учун бошпанага айланди. Улар кейинги йилларда чегарадан ўтиб, Америка ва Афғон қуролли кучларига ҳужумлар қилиб турди.

Америка қўшинлари Афғонистондаги «Толибон» ҳукуматини жуда тез ағдарди ва 2001 йилнинг охирига бориб унинг ҳарбий қудратини яксон қилди. 2003 йилнинг майида эса мудофаа вазири Дональд Рамсфелд мамлакатда йирик ҳарбий операциялар тўхтатилганини эълон қилди.

Фото: «New York Times»

Афғонистондаги миссия қандай кечди?

«Толибон» тор-мор келтирилгач, аввалига 1980-йиллардаги совет оккупацияси, кейин эса фуқаролар уруши туфайли вайрон бўлган ушбу ўта қашшоқ мамлакатнинг тикланиши учун Қўшма Штатлар ва НАТО миллиардларни сарфлаб, мазкур тўлиқ шаклланмаган давлатда ғарб намунаси бўйича демократия ўрнатишга киришди.

Дастлабки муваффақиятлар кўзга ташлана бошлади. Ғарбга хос ҳукумат ўрнатилди. Янги мактаблар, касалхоналар ва ижтимоий объектлар қурилди. «Толибон» ҳукумати вақтида мактабда ўқиши тақиқланган минглаб қизлар мактабга қатнай бошлади. «Толиблар» асосан уйда ўтиришга маҳкум қилган минглаб аёллар коллежларда ўқишни ва ишхоналарда ишлашни бошлади, ҳукумат ва парламентда ҳам аёллар фаолият кўрсата бошлади.

Лекин коррупция авжига чиқди: мамлакатнинг тикланиши учун йўналтирилган юзлаб миллион долларлар ўғирланди ёки ноқонуний равишда ўзлаштириб олинди. Ҳукумат эса ўз фуқароларининг энг элементар талабларини ҳам қондиришга ожиз бўлиб чиқди. Одатда ҳукуматнинг таъсири пойтахт Кобул ва бошқа йирик шаҳарлар чегарасидан нарига ўтмас эди.

2003 йилда Афғонистонда 8000 нафар аскари бўлган Қўшма Штатлар ўша йилнинг мартида Ироқда бошланган уруш туфайли ўз ҳарбий ресурсларини Ироққа кўчира бошлади.

Фото: «New York Times»

Жанг майдонида нималар бўлди?

Гарчи Америка ва НАТО қўшинлари аввал «Толиблар» назорат қилган ҳудудларда янги мактаблар, йўл ва кўприклар қуришга ваъда бериб, афғонларнинг хайрихоҳлигига эришишга уринган бўлса-да, лекин «Толибон» барибир ўз жанговар потенциалини тиклашга муваффақ бўлди.

«Толибон» жиддий ҳарбий хатар туғдиргани боис, президент Обама томонидан Афғонистонга қўшимча ҳарбий кучлар юборилди ва тўлқин доирасида, 2010 йилда ҳарбийлар сони 100 минг нафарга етди. Лекин Американинг ҳарбий қудрати ва авиазарбаларига қарамасдан, «Толиблар» янада кучаяверди ва афғон хавфсизлик кучларига оғир зарбалар берди.

2011 йилнинг апрелида АҚШ денгиз пиёдалари отряди Покистондаги Абботобод ҳудудида, Покистон ҳарбий академиясидан унча узоқ бўлмаган жойда кўп йилдан бери яшаб келган Усома Бен Ладенни йўқ қилди. Ўша йилнинг июнида Обама ҳарбийларни Афғонистондан олиб чиқиб кетиш бошланишини ва 2014 йилга келиб хавфсизлик бўйича масъулиятни афғонларнинг ўзига ўтказилишини эълон қилди.

Бу пайтга келиб, урушда ҳарбий йўл билан ютиб бўлмаслиги ва низоли вазиятни фақат музокаралар орқали, йирик етакчи давлатлар ўнглаш мумкинлиги ҳақидаги хулосага Пентагон ҳам кела бошлади. Сўнгги уч аср мобайнида учинчи бор афғонлар яна ғалаба қозонди. Улар XIX асрда Британия армиясини ва ХХ асрда совет армиясини мағлуб этган эди.

Уруш масаласи боши берк кўчага кириб қолгач, Обама асосий ҳарбий операцияларни тўхтатди ва 2014 йилнинг 31 декабридан эътиборан Афғонистоннинг ўз хавфсизлик кучларини тайёрлаш ва уларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланишга ўтди.

Деярли уч йил ўтиб президент Трамп, гарчи ўзининг бирламчи мақсади қўшинларни олиб чиқиш бўлса-да, урушни давом эттиришини айтди. У ҳарбийларнинг олиб чиқиб кетилиши аввалдан тайин қилинган муддатларда эмас, балки жанговар шароитда амалга оширилишини таъкидлади.

Лекин Трамп маъмурияти, шунингдек, 2018 йилда, расмий афғон ҳукумати ва президент Ашраф Ғани иштирок этмаган тарзда, «Толиблар» билан расмий музокаралар ҳам ўтказди.

Фото: «New York Times»

Тинчлик музокараларининг ҳолати қандай?

2020 йилнинг февралида Трамп маъмурияти «Толиблар» билан келишув имзолади ва унда 2021 йилнинг 1 майигача мамлакатдаги барча Америка ҳарбийларининг чиқиб кетиши ҳақида банд бор эди. Бунга жавобан «Толиблар» «Ал-Қоида» ва ИШИДнинг Афғон қаноти сингари террорчи ташкилотлар билан алоқаларни узишга ва зўравонликларни бас қилиб, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Афғон ҳукумати билан музокараларни бошлашга ваъда берди.

Лекин расмий ҳукумат АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги музокараларга чақирилмагани сабаб Қўшма Штатлар билан муносабатларга совуқчилик тушди. Трамп ҳукумати Ашраф Ғанига босим ўтказиб, 5500 нафар қамоқдаги «Толиблар»нинг озод қилинишини талаб қила бошлади. Лекин эвазига деярли ҳеч нарса таклиф қилинмагани боис бу нарса Афғон ҳукумати билан масофани янада узоқлаштирди.

Келишув имзолангач, «Толибон» Америка қўшинларига ҳужум қилишни  ва афғон шаҳарларидаги йирик террорчилик хуружларини тўхтатди. Қўшма Штатлар афғон расмий ҳукуматига тегишли ҳарбийларни, агар тўғридан-тўғри ҳужум хавфи мавжуд бўлмаса, ҳаводан туриб қўллаб-қувватлашни бас қилди.

2020 йилдаги келишувдан асосий мақсад афғон расмий етакчилари ва «Толибон» ўртасида янги ҳукумат ва Конституцияни ишлаб чиқиш, зўравонликка барҳам бериш ва охир-оқибат ўт очишни бутунлай тўхтатиш борасидаги сиёсий йўл харитасини шакллантирилишига эришиш эди.

Лекин ҳукумат «Толибон» томонидан куппа-кундуз куни бир неча хавфсизлик кучлари ва ҳукумат вакилларини, жамоатчилик назоратчиларини, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларини, жумладан, бир неча аёлларни ўлдирилганини айтиб, уларни айблаб чиқди.

АҚШ ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши аниқ бўлгани сабабидан ва ўзларининг кучли ҳарбий қудрати боисидан, сентябрь ойида Қатар пойтахти Доҳада бошланган музокараларда «Толиблар» расмий ҳукуматдан устунликка эриша бошлади ва бу музокаралар ҳам боши берк кўчага кириб қолди. Пентагон эса жанггариларнинг зўравонликка барҳам бериш ва террорчи гуруҳлар билан алоқаларни узиш борасидаги ваъдаларига амал қилмагани ҳақида баёнот берди.

Апрелда жаноб Байден Америка аксарларини олиб чиқиб кетиш бошланиши ҳақида эълон қилганидан кейин, НАТО ҳам ўзининг 7000 нафар ҳарбийларининг олиб чиқиб кетилишини АҚШ ҳарбийларининг олиб чиқиб кетилиши билан мувофиқлаштирган ҳолда амалга оширишини эълон қилди.

Байден маъмурияти тинчлик музокараларини қўллаб қувватлашда давом этишини айтмоқда, лекин афтидан «Толибон» музокара ўтказишга шошаётгани йўқ. Улар, шунингдек, ҳукумат билан ҳокимиятни ўзаро тақсимлашга розилик ҳақида очиқ айтишмаяпти ва бунинг ўрнига, ҳокимиятни тўлиқ эгаллаш мақсади борлигига ишора қилмоқда.

Фото: «New York Times»

Мавзуга доир: Эксперт минбари. Афғонистонда тинчликка эришиш. Доҳа ва Москва тинчлик анжуманлари нега самара бермади?

Афғон хавфсизлик кучлари АҚШ ҳарбийлари кўмагисиз «Толибон»ни тийиб тура оладими?

Охирги ойлар ичида «Толиблар»нинг ҳужум қилиш хавфи туфайли Афғонистон хавфсизлик кучлари ўнлаб назорат пунктларини ташлаб чиқиб кетди. Дезертирлик, тушкун ҳарбий руҳият, ёмон раҳбарлик ҳамда таркибнинг ёмон тўлдирилиши туфайли, шунингдек, қўмондонлар томонидан аскарларнинг маошлари ва моддий бойликларининг ўзлаштириб олиниши сингари омиллар сабабли ҳарбий тузилмалар ва полициянинг сафлари бўшаб қолган. Америка қўшинлари қўмондонлигининг сўзларига қараганда, афғон ҳарбийлари орасида йўқотиш даражаси жуда катта ва ҳарбий тузилмалар барқарор эмас.

Хавфсизлик кучлари, шунингдек, бир неча йирик автомагистраллардаги назорат-ўтказиш пунктларини ҳам ташлаб кетган бўлиб, бу эса «Толиблар»га бу жойда ўз назорат пунктларини ўрнатиш ва юк ташувчилардан ва автомашина эгаларидан турли йиғим ва солиқларни ундиришга имкон бермоқда. Улар олган пул учун берадиган квитанция мамлакатнинг исталган нуқтасида амал қилади. «Толиблар», шунингдек, йирик шаҳарларнинг четларида ҳам ўз назорат-ўтказиш пунктларини ўрнатган ва бу нарса халқаро қўшинлар мамлакатдан чиқиб кетгач, улар шаҳарлар устидан назоратни ҳукуматдан тортиб олишга уринишлари эҳтимолидан дарак бермоқда.

Қўшма Штатлар Афғонистон армияси учун йилига 4 миллиарддан кам бўлмаган маблағ сарфламоқда ва уруш бошлангандан бери 74 миллиард доллар сарфлаб юборди. Байден маъмурияти ҳарбийлар олиб чиқиб кетилганидан кейин ҳам Афғонистон қуролли кучларини қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берган.

Шу йил баҳорида Байден маъмуриятига тақдим қилинган махфий разведка маълумотида айтилишича, халқаро ҳарбийлар мамлакатдан чиқиб кетганидан кейинги икки-уч йил ичида Афғонистоннинг катта қисми «Толибон» назоратига ўтиши мумкин экан. «Толибон» ҳам ҳар йили кунлар илиши билан бошлайдиган ҳарбий ҳаракатларни фаоллаштириш амалиётидан воз кечиши ҳақида ҳеч қандай гап очгани йўқ.

«‘Толибон’ ўзининг урушда ғолиб чиқишига ишончи комил», — деган хулоса берилган ўша маълумотномада. Шунингдек, унда «‘Толибон’ жанг майдонида ғалаба қозонса керак ва Афғон ҳукумати агар халқаро коалиция ўзини қўллаб-қувватлашдан бош тортса, уни қўрқитиш учун ҳамма нарсани ишга солади», — дейилади ҳужжатда.

Россиядан қўшни давлатларга пул ўтказмалари кескин ошди
Янгиликлар11:28 | 29.1.23
Россиядан қўшни давлатларга пул ўтказмалари кескин ошди
Эрондаги ҳарбий объектларга дрон ёрдамида зарба берилди — видео
Янгиликлар10:56 | 29.1.23
Эрондаги ҳарбий объектларга дрон ёрдамида зарба берилди — видео
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Янгиликлар21:24 | 28.1.23
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
Янгиликлар20:51 | 28.1.23
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Янгиликлар20:17 | 28.1.23
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Янгиликлар19:44 | 28.1.23
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади