Андижон шаҳри ҳокими Президент қарорига зид ҳолда ер ажратиш қарорини чиқарганига муносабат билдирилди
Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда «Андижон шаҳри ҳокими Президент қарорига зид равишда ер ажратиш бўйича қарор чиқарди» мавзусида чиқарилаётган масала юзасидан муносабат билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар қилди.

Маълум қилинишича, Андижон шаҳар ҳокимининг 2021 йил 10 апрелдаги 80К-сонли қарорига асосан, Андижон шаҳар «Elevada Ut group» МЧЖга Андижон шаҳар Мангулик кўчасида жойлашган 1422 квадрат метр ер майдони замонавий лойиҳалар асосида 5 қаватли, 1-қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, юқори қаватлари автомобиллар вақтинча тўхтаб туриш жойи биноси қуриш учун ажратиб берилган.
Президентининг 2019 йил 26 августдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб вилоятларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат «E-ijro auksion» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали берилиши белгиланган.
Шунингдек, қурилиш мўлжалланган ушбу ер майдонида қурилиш ишлари тегишли рухсат этувчи ҳужжатлар олинмасдан бошлаб юборилган. Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар адлия бўлими томонидан
2021 йил 5 май куни шаҳар ҳокими қарорида кўрсатилган ер ажратишдаги қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган.
Бундан ташқари, Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 2021 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган 19-сессиясида шаҳар ҳокимининг 80К-сонли қарори депутатлар томонидан тасдиқлангани қонунийлиги, ваколатлилиги, ушбу қурилиш объектини қуриш ишлари бажарлиши мумкинлиги юзасидан шаҳар адлия бўлими томонидан ўрганишлар ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, адлия бўлими томонидан 19 апрель куни қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш бўйича шаҳар ҳокимига, Давлат кадастр палатаси Андижон шаҳар филиалига ва Андижон шаҳар қурилиш бошқармаларига ҳуқуқий маслаҳат ҳамда огоҳномалар киритилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда инвесторларга ҳозиргача неча гектар ўрмон майдони берилгани очиқланганди. Шунингдек, Самарқанднинг икки туманида фермер хўжалиги ерларини ноқонуний сотганлар ушлангани ҳақида хабар берилганди.