Ўзбекистонда магистратура ва докторантурага киришда янги талаб қўйилади
Ўзбекистонда магистратура ва докторантурага кириш учун чет тилини билиш халқаро сертификати талаб этилади. Бу ҳақда Президент раҳбарлигида ўтказилаётган селекторда маълум қилинди.

Қайд этилишича, кейинги 3 йил давомида мактаблардаги жами 53 минг нафар чет тили ўқитувчиси халқаро сертификат олишлари зарур. Шунингдек, юқори балл олган ўқитувчиларга ўқиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тизими йўлга қўйилади.
Чет тиллари бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган мактабларни рағбатлантириш учун Президент соврини таъсис этилади. Туман ва шаҳар ғолибига 100 миллион, вилоят босқичида ғолиб бўлган мактабга 200 миллион, республикада биринчиликни қўлга киритган мактабга эса 500 миллион сўмгача мукофот берилади.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев айни пайтда ўтказилаётган йиғилишда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги тузилиши ҳақида маълум қилганди. Aгентлик дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини боғча, мактаб, лицей, олийгоҳ ва ўқув марказларида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашади.