Қозоғистондан Тошкент ва Наманганга авиақатнов амалга оширилади
Қозоғиcтон «FlyArystan» авиакомпанияси Тошкент ва Наманганга мунтазам авиақатновларни амалга оширади. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Хабарга кўра, 4 май куни Наманган халқаро аэропортида авиакомпания ҳамда аэропорт маъмурияти ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Унда авиакомпания ҳамда аэропорт маъмурияти, туризм бошқармаси ва туроператорлар ўзаро қатнов салоҳиятини муҳокама қилган.
Шунингдек, қозоғистонлик мутахассиснинг сўзларига кўра, Наманган ҳақида қозоғистонлик ёшлар кўп маълумотга эга эмаслиги, шу сабабдан Наманган ҳақида кўпроқ маркетинг ишларини олиб бориш кераклиги айтилган.
«Бухоро, Самарқандни ҳамма билади. Ҳамма у ерга боришни хоҳлайди. Наманган ҳақида кам одам билади. Бунда маркетинг билан яхшигина ишлаш керак. Наманган ҳақида Қозоғистонда, Олмаота ва Туркистонда кўпроқ гапириш керак», — дейди авиакомпания савдо директори Жанар Жайлауова.
Аввалроқ Истанбулдан Урганч ва Фарғонага мунтазам авиақатновлар амалга оширилиши хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 3 шаҳридан Қоҳирага авиақатновлар йўлга қўйилиши маълум қилинган.