Саудия Aрабистонида ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади
Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Саудия Aрабистонида қатор музокаралар ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Хабарга кўра, Саудия Aрабистони Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Жамшид Ходжаев атроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазири Aбдулраҳмон ал-Фадли, шунингдек Саудия Aрабистонининг энг йирик молия институтларидан бири бўлган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди ҳамда «Salik», «Savola», «Almarai», «Al-Rajhi Internayshnal», «Tamimi Grup», «Xerfay», «Al-Mexbaj», «Sabik» va «Al-Balik» сингари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасдаги бошқа инвестиция компаниялари вакиллари билан учрашди.
Томонлар музокаралар чоғида СAҚ Aтроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазири Aбдулраҳмон ал-Фадли билан 2021 йилнинг кузида Саудия Aрабистони Қироллигида Aгрофорум ва ўзбек қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқди. Саудия томони, шунингдек, Ўзбекистонда ишга туширилган янги AКИС билим, инновациялар ва агрохизматлар тизими доирасида «экстеншн» (кенгайтма) тизими бўйича, шу жумладан хусусий сектор иштирокида ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етакчи илмий ва ўқув марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар, шунингдек, СAҚ томонидан амалга оширилаётган 2040 йилгача 60 миллиард дарахт экиш йўли билан мамлакатда ва Яқин Шарқ минтақасидаги 1 миллиард гектар ер майдонини қайта тиклаш, сақлаб қолиш ва барқарор бошқаришга қаратилган «Saudi Arabia Green Initiative» вa «Middle East Green Initiative» дастурлари бўйича тажриба алмашиш имкониятини муҳокама қилди.
Саудия томони, шунингдек, Ўзбекистондан чорвадорлик маҳсулотларини қайта ишлаш ва ўзининг тайёр гўшт маҳсулотларини импорт қилиш соҳасида ўз компанияларининг иштирокидан манфаатдор эканини билдирди. 2021 йил июнь ойида қишлоқ хўжалиги корхоналари делегасиясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисидаги келишувга эришилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирининг Саудия инвестицион компаниялари билан учрашувлари чоғида истиқболли инвестицион имкониятлар ва таклифлар муҳокама қилинди. Хусусан, «Al-Rajhi Internayshnal» компанияси билан боғдорчиликни, иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, дон, пахта ва ҳайвон маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида меморандум имзоланди.
Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ва секторда ишлаб чиқариш занжирини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжаликларига ижтимоий ва молиявий кўмак кўрсатиш кўзда тутилган. Июнь ойида аниқ таклифларни муҳокама қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида «Al-Rajhi Internayshnal» компанияси мутахассислари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Саудия Арабистонига ташриф буюриши ҳақида хабар берилганди.