Сирдарёда «Камаз» ҳайдовчиси ЙТҲ сабаб ноҳақ қамалгани айтилган хабарга изоҳ берилди
Олий суд ахборот хизмати Сирдарё вилояти Гулистон шаҳарида «Камаз» ҳайдовчиси автоҳалокат сабаб ноҳақ қамалгани айтилган хабарга изоҳ берди.

Маълум қилинишича, Ховос туманида яшовчи аёл ўзининг Facebook саҳифасида мурожаат билан чиққан. Унда ёзишича, отаси давлат ташкилотида «Камаз» ҳайдовчиси бўлиб ишлаб келади ва иш кунларининг бирида «Камаз»ни йўл четига буриб, тўхтаб турган. Шу пайтда орқа томондан «Matiz» катта тезликда келиб, «Камаз»нинг тагига кириб кетган ва ҳайдовчи ҳалок бўлган.
Шунингдек, аёл «Matiz» ҳайдовчиси икки шиша спиртли ичимлик ичгани аниқланганини ва тергов давомида терговчи аёлнинг отасига бу воқеада унинг айби борлигини айтиб, босим ўтказганини қайд етган. Терговчи эркакка қамалишини ва ундаги ҳужжатга қўл қўйса, айбланмаслигини айтиб имзо қўйдириб олган.
Бундан ташқари, аёл «Matiz» ҳайдовчисининг оиласига маъракаларни ўтказиш учун 2 миллион сўм бергани, оиланинг бошқа даъвоси йўқлигини айтган. Бироқ суд жараёнида оила даъвоси борлигини айтиб, катта сумма талаб қилган.
Олий суднинг изоҳ берича, ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар судининг 26 апрелдаги ҳукмига асосан У. Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмига кўра айбли деб топилган. Шунингдек, ҳайдовчига 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида профилактика инспектори фуқарони ноҳақ қамагани айтилган видеога муносабат билдирилган эди. Шунингдек, Зангиотада инспекторнинг Facebook’даги саҳифасида жонли эфир қилган блогер қамалгани бўйича изоҳ берилган.
