Сурхондарёдаги ёнилғи қуйиш шохобчасида ёнғин бўлди — фото
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида 4 май, сешанба куни ёнилғи қуйиш шохобчасида ёнғин бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ёнғин соат 09:42 да Озод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Ozod tex oil» корхонасига қарашли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган. Воқеа жойига 4 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, ёнғин соат 10:05 да ўраб олинган ва 10:36 да тўлиқ бартараф этилган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатда 25 метр куб дизель ёнилғи сақлаш резервуари ва ундаги тахминан 2 метр куб дизель ёниб зарарланган. Ёнғин-қутқарувчиларнинг натижасида 2 та 10 метр куб ва 1 та 5 метр куб ёнилғи сақлаш резервуарлари ёнғиндан сақлаб қолинган.

Ёнғин сабаби ўрганилганида шохобча ҳудудида пайвандлаш ишларини олиб бориши оқибатида келиб чиққани маълум бўлган. Шунингдек, ҳолат оқибатида бир нафар фуқаро куйиш тан жароҳатини олиб туман марказий шифохонасига ётқизилган. Ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аввалроқ Қашқадарёда газ қуйиш шохобчасида «Nexia-1» газ баллони портлаб кетгани ва Сирдарёдаги газ шохобчасида «Damas» портлагани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкентда овқатланиш шохобчаларидан бири ёниб кетгани маълум қилинган.