Тошкентда «Ўлмас полк» акциясини ўтказишга рухсат берилгани айтилган хабарга муносабат билдирилди
Тошкент шаҳрида 9 май куни «Ўлмас полк» акциясини ўтказишга рухсат берилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шаҳар ҳокимлиги бу бўйича изоҳ берди.

Хабарга кўра, аслида, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари пойтахтда «Ўлмас полк» акциясини ўтказиш бўйича қилинган мурожаатни ўрнатилган тартибда Ички ишлар бош бошқармаси ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига йўналтирган. Бироқ, хабарда ёзилганидек, мазкур мурожаатга «Белгиланган тартибда ижро этиш учун қабул қилинсин» тарзида эмас, балки «Ўрнатилган тартибда кўриб чиқилсин» дея имзо чекилган.
Қайд этилишича, мутасадди раҳбарнинг топшириғини нотўғри таржима қилиш оқибатида англашилмовчилик юзага келган. Натижада кенг жамоатчиликка «мутасаддилар мазкур акцияни ўтказиш учун рухсат беришган бўлса-да, ҳуқуқ-тартибот идоралари бунга қарши чиқмоқда» деган мазмунда асоссиз хабар тарқатилган.
Маълумот учун «Ўлмас полк» акцияси ташкилотчилари мурожаат қилган ҳеч бир мутасадди ташкилот томонидан бугунги пандемия шароитида мазкур оммавий тадбирни ўтказишга рухсат берилмаган.
Мавзуга доир: Тошкент кўчаларида ўтказилган ретро автомобиллар марши — суратларда
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси нима сабабдан ўраб олингани маълум бўлган эди.