Азиз Абдуҳакимов кинорежиссёр ва продюсер Тимур Бекмамбетов билан учрашди
Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов кинорежиссёр ва продюсер Тимур Бекмамбетовни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати «Bugun.uz»га маълум қилди.

Маълум қилинишича, учрашувда Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов ва россиялик кинорежиссёрнинг турмуш ўртоғи – Татаристон президенти ёрдамчиси, Россия Жамоатчилик палатаси аъзоси Наталия Фишман иштирок этган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон туризми ва кинематографиясидаги олиб борилаётган ишлар, хусусан, виза тизимининг соддалаштирилиши, туристик бизнесни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, «Uzbekistan. Safe travel Guaranteed» санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизими, кино соҳасидаги «Rebate» тизими, миллий киноиндустрия учун тақдим этилган солиқ ва божхона преференцияларига оид маълумотлар билан таништирилган.
Ўз навбатида, Тимур Бекмамбетов туризм соҳасига киритилган инвестициялар натижалари ҳақида таъкидлаб, мамлакатнинг сайёҳлик ва меҳмондорчилик йўналишидаги ўзгаришларни эътироф этган. Шунингдек, у ўзбек халқига хос жиҳатларни фильмларда акс эттириш ҳақида тўхталиб ўтган.

Томонлар Ўзбекистонда кинотуризмни ривожлантириш бўйича фикр алмашган. Фильмлар, сериаллар ва бошқа кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш имконини берувчи бой тарихий-маданий мерос ҳисобланган Марко Поло ва Гонсалес де Клавихонинг Марказий Осиёга саёҳатлари алоҳида қайд этилган. Шу билан бирга, кинорежиссёр «дўстлик поезди»ни ташкил қилишни таклиф этган. Унинг фикрича, бу барча санъат ижодкорларини янада бирлаштиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида режиссёр республиканинг туристик салоҳияти, қаҳрамонларнинг образи, тарих ва табиий кинолокацияларни инобатга олиб, йирик кинокомпанияларни жалб қилишга туртки берувчи қатор ташаббусларни таклиф қилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда туризм, спорт ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар қабул қилингани ва Тошкентда ёш киноижодкорлар грант билан тақдирлангани хабар қилинган эди. Шунингдек, Хотира ва қадрлаш куни арафасида «Мерос» фильми премьераси ўтказилиши маълум қилинган.