ФВВ вилоятларда кузатилган сел оқибатлари бўйича маълумот берди — фото
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 6–7 май кунлари Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг айрим ҳудудларида кузатилган сел оқибатлари бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, табиий офат оқибатида Андижон вилоятидаги Қирғиз канали орқали оқиб келган сел оқимлари Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманидаги кўчалар орқали 278 та турар жойнинг яшаш хонадонлари ва ҳовлисига кирган. Тошқин оқибатларини бартараф этишга қаратилган қидирув-қутқарув ишлари давомида Хонабод шаҳар Тейит маҳалла фуқаролар йиғини Қорабоғиш кўчасида яшаган 2 нафар вояга етмаган боланинг жасади ёнғин-қутқарув бўлинмалари шахсий таркиби томонидан топилган.


Шунингдек, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой ва Чуст туманларида кучли ёмғир ёққан. Ёғингарчилик сабаб Поп тумани Водий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида сел оқимлари кузатилиб, туман ҳудудидан ўтувчи 4P-125 Наманган–Тошкент автомобиль йўлининг 15–16 километрида йўл ёқасининг ювилиши, Ангрен–Поп электрлаштирилган темир йўлининг 103–106 километрида темир йўл тармоғининг тахминан 3 метр қисмида тупроқ массасининг ювилиши рўй берган. Шу билан бирга, Янгиобод ва Водий маҳалла фуқаролар йиғинидаги 25 та аҳоли томорқаларига ҳам ёмғир сувлари кирган. Айни пайтда автомобиль ва темир йўлларнинг зарар кўрган қисмидаги авария-тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.


Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Қумқўрғон туманларида ёққан кучли ёмғир натижасида сел оқимлари ҳосил бўлган. Оқибатда унинг Шеробод туманидаги Қорабоғ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳамда Учёғоч, Гулистон, Ғўржак-2 маҳалла фуқаролар йиғинидаги 16 та, Қумқўрғон тумани Азларсой, Боғаро ва Элобод маҳалла фуқаролар йиғинидаги 340 та аҳоли хонадонлари ва томорқасига киргани аниқланган.

Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардия, Транспорт, Энергетика вазирликларининг куч ва воситаларини жалб қилган ҳолда тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 4 май куни кучли ёмғир ёққани, бунинг оқибатида «Damas» сойга тушиб кетгани хабар қилинган.