Ҳисоб палатасига қандай ваколатлар берилаётгани маълум бўлди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 7 майдаги йиғилишида Ҳисоб палатасига қандай ваколатлар берилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда атрофлича кўриб чиқилган. Қонун лойиҳасида Ҳисоб палатасининг асосий вазифа, функция, ҳуқуқ ва ваколатларини амалга ошириш ҳамда соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш назарда тутилган.
Лойиҳа билан Ҳисоб палатасига мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат божи тўламасдан судга мурожаат қилиш ваколати берилмоқда. Шунингдек, Ҳисоб палатаси текширувлар ўтказиш жараёнида унга керакли ҳужжатлар, мутахассислар ажратиш мажбурияти лойиҳада ўз аксини топмоқда.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бюджет маблағларининг мақсадли, оқилона ҳамда самарали сарфланишига хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган.
Аввалроқ Молия вазирлиги аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли орган бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ер участкалари бўйича қарор бериш ҳуқуқи ҳокимлар ваколатидан чиқарилгани маълум қилинган.
