Илон Маск 2020 йилда «Tesla» бош директори сифатида рекорд даражада пул ишлаб топди
Электромобиллар ишлаб чиқарувчи «Tesla» компанияси асосчиси ва бош директори Илон Маск 2020 йил давомида тахминан 11 миллиард доллар ишлаб топди. Бу ҳақда «ТAСС» хабар берди.

Маълумотларга кўра, Маск 2018 йилда компаниянинг ўсиш кўрсаткичлари тегишли юқори натижаларга эришганида мукофотни пулда эмас, балки акциялар кўринишида олишга рози бўлган. Aммо компания 2020 йилда бош директорга ҳозирда қиймати 13,3 миллиард долларни ташкил этувчи акцияларни сотиб олиш ҳуқуқини берган. Ўз вақтида Маск уларни харид қилиш учун 2,3 миллиард доллар сарфлаган. Шу боис унинг бош директор лавозимида ишлашидан олган даромади 2020 йилда 11 миллиард долларни ташкил этган.
Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич рақобатчиларникидан ҳам 10 маротаба юқоридир. Хусусан, «Paycom» компаниясини бошқарадиган Чед Ричисон 2020 йилда 211 миллион доллар ишлаб топган. «1Life Healthcare» бош директори Aмир Дан Рубиннинг бойлиги эса бор-йўғи 199 миллион долларга етган.
Шу билан бирга, таъкидланишича, Маск акциялардан тушган фойдасини ҳали ҳам ҳақиқий пулга айлантира олмайди, чунки келишув бўйича у акцияларга камида беш йил эгалик қилиши керак.
Компаниянинг бош директори билан тузган шартномасига кўра, Маск барча келишилган мақсадларга эришилган тақдирда, ўз иши учун қиймати ҳозирда 67,9 миллиард долларни ташкил этувчи 101,2 миллион акцияни сотиб олиши мумкин.
Аввалроқ Илон Маск бир суткада 6 миллиард долларга бойигани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, унинг «Tesla» компаниясидаги мақоми ўзгаргани маълум қилинганди.
