Корея корпорацияси Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади
Корея корпорацияси Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги медиа ахборот маркази «Bugun.uz»га маълум қилди.

Қайд этилишича, Корея қишлоқларни ривожлантириш корпорацияси делегацияси (KRC) ташкилот директори ўринбосари Ли Санг Бонг бошчилигида 2021 йил 21 апрелдан 6 майга қадар Ўзбекистонда бўлди. Хусусан, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган музокаралар доирасида Корея ҳукуматининг 4,5 миллиард корейс вони миқдоридаги грант маблағларини жалб этиш бўйича келишувга эришилган.
«Лойиҳа қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг мантиқий давомидир. Лойиҳа доирасида кореялик мутахассислар аграр сиёсат бўйича консультациялар ўтказишади, қишлоқ хўжалигида зарур бўлган ихтисослаштирилган ускуналар етказиб берилади ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг Жанубий Кореяда таълим олиши ташкил этилади», — деди корпорация директори ўринбосари Ли Санг Бонг.

Таъкидланишича, лойиҳа 2021 йилдан 2025 йилгача амалга оширилади, грант маблағлари Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган AKIS агрохизматлар марказининг инфратузилмасини қуришга йўналтирилади. Марказ фермерларнинг агротехнологиялар бўйича билимларини бойитиш, ходимлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, таълим ва ўқув дастурлари орқали соҳа профессионалларининг малакаларини оширишга мўлжалланган.
Шунингдек, ушбу марказ 2021 ва 2022 йилларда вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида очиладиган ана шундай AKIS марказлари Қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга оширишнинг бир қисми саналади.

«Замонавий агрохизматларни кўрсатиш бўйича узлуксиз тартибда ишлайдиган ва ўз ичига агросаноат соҳасидаги таълим, илм-фан ва инновацияларни олган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновациялари тизими (АKIS)нинг ишга туширилиши муносабати билан ҳам ушбу ёрдам ўз вақтида кўрсатилди», — дейди қишлоқ хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Алишер Шукуров.
Маълумот учун, «Korea Rural Community Corporation» — қишлоқ жойларни ривожлантириш бўйича Корея давлат корпорацияси ҳисобланади. У 1908 йилда ташкил этилган бўлиб, сўнгги ўн йилликлар ичида компания 22 мамлакатда жами 88 миллиард АҚШ доллари қийматидаги 87 та лойиҳани амалга оширган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Aрабистонида ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда қайси ҳудуд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича етакчи экани маълум қилинганди.