Ўзбекистонда алимент тўловчи фуқаронинг четга чиқиши қай тартибда амалга оширилади?
АОКАда 6 май, пайшанба куни Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда алимент тўловчи фуқаронинг четга чиқиши қай тартибда амалга оширилиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, хорижга чиқиш имконияти туғилган фуқаролар алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузган тақдирда, мавжуд тақиқларнинг олинишига асос бўлади.
«Алимент тўловчи фуқаролар фарзандлари учун вояга етгунига қадар 5 йилдан кам бўлмаган муддатга алиментларни олдиндан тўлаши мумкин», — дейди Фаррух Тошпўлатов.
Шунингдек, у олдиндан алиментларни тўлаш тўғрисидаги келишув нотариал тарзда тасдиқланиб, Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий туман-шаҳар бўлимларига тақдим этилишини, ундан сўнг бюро давлат ижрочилари тақиқларни ечиш чорасини кўришини таъкидлаган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 мартдан алимент ундириш тартиби ўзгаргани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда неча киши алимент тўламай юргани учун қидирилаётгани маълум бўлган.